Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Роналдиньо: «Агар футбол бўлмаганида, ўзимни мусиқага бағишлардим...»

Баҳо:
+ | -

Бразилиялик аксарият футболчилар мусиқа «жинни»си саналишади.

Жумладан, «ПСЖ», «Барселона» ва «Милан» каби катта клублар ҳаётида ёрқин из қолдирган Роналдиньо ҳам ҳамиша санъатга яқин юрган. Бразилия футболи тарихига биринчи рақамли юлдузлар қаторида кирган Ронни яқинда Mundo Deportivo нашрига интервью бериб, тан олди: «Агар футбол бўлмаганида, ўзимни Мусиқа оламига урардим». У шунинг баробарида ўзи яхши биладиган Лионель Месси, Деку, Неймар, Жоан Лапорта, Сандро Россель каби буюклар қатори янги истеъдодлар - Педри, Ансу Фати ва Рафиньяга тўхталди.

- Вақтида Деку билан бирга Лео Мессини ўз ҳимоянгиз остига олгансиз. Бироқ Лео энди «Барселона»да эмас. Каталония суперклуби ва Месси ўртасидаги  бузилмасдек туюлган иттифоқнинг бундай парчаланганига қандай қарайсиз?

- Бу фақат мен эмас, ҳамма учун кутилмаган ҳолатдир. Ҳа, Мессини бошқа жамоа либосида кўришни хаёлимга ҳам келтирмагандим, лекин бугунги реаллик шундай. Тўғри, Леонинг қаерда ўйнаши унча муҳим эмас, асосийси, ўзини бахтиёр ҳис қилса, бас. 

- Очиғини айтинг, Месси ўша вақт сиз билан «Барса»дан кетиши масаласини муҳокама қилдими?

- Ҳа, бу борада гаплашдик, қолаверса, Парижда кўришдик. Лекин ҳаёт шундай, у кутилмаган ҳодисаларга тўла, гоҳида ҳаммаси бирдан ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Такрор айтаман, мен учун энг муҳими, Леони бахтли кўриш.

- «ПСЖ» етакчиларидан яна бири, ҳамюртингиз Неймар ҳам «Барса»дан ўтганди. Унинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Ней - бу нодир ҳодиса! У чинакам юлдуз ва бутун Бразилиянинг асосий футбол бутидир. Тўғтанг, Неймарни мақтай бошласам, узоқ вақт тинглаб ўтиришингизга тўғри келади...

- Вақтида сизни «Барселона»га чорлаган Жоан Лапорта клубга қайтди. У жамоа мавқеини тиклай олармикан?

- Ўйлайманки, клубда тарих яратган инсонлар яна катта ишларни амалга оширишга уринишга ҳақлилар. Уларнинг қайтишаётгани - ажойиб. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.

- Фаолиятингизда муҳим роль ўйнаган яна бир шахс - Сандро Россель эса оғир кунларни бошидан ўтказди ва фаолиятини қайта йўлга қўйди. Хабарларга кўра, у Барселона мэри лавозимига ўз номзодини илгари суриши ҳам мумкин. Сизнингча, Россель бу ишга муносибми? 

- Сандро ақл бовар қилмайдиган даражада ажойиб инсон. Орадан шунча йил ўтган бўлсада, ҳамон ўзаро дўстмиз... Бемалол айтаман, кузатилган мушкулотлар ва оғирликлар Сандрони янада кучлироқ бўлишга ундади. Ўйлайманки, у кўпчиликка қандай ёрдам бериш ҳақидаги чексиз ғоялари билан қайтмоқда. Ўзи Россель ҳар доим бошқаларга ёрдам беришни хоҳларди. Шундай экан, лавозими қанча баланд бўлса, одамларга шунча кўп наф келтиради, менимча. Ҳар ҳолда, у жиддий йўлни танлаб, охиригача боришга қодир.

- Деку айни пайт «Барселона» тизимида ишламоқда. У билан гаплашиб турибсизми?

- Ҳа. Декуни қадрдон акамдек биламан ва унинг учун фақат хурсанд бўламан. Умуман, Деку футболдан ташқарида ҳам ажойиб инсон, жуда ақлли. Мана, энди янги йўлдан кетмоқда ва бунда ҳам муваффақият қозонишига ишонаман.

- Деку таркибга бразилиялик Рафиньяни олиб келмоқчи. Бу йигитни биласизми , у «Барса» талабларига жавоб бера оладими?

- Нималар деяпсиз, ахир Рафинья ҳам мен каби Порту-Аллегри шаҳридан. Қолаверса, унинг отаси билан яқин дўстман. Қисқаси, Рафиньяни болалигидан биламан. Тасодифни қарангки, Рафинья бугун Деку билан ишламоқда (Деку «Лидс» футболчисининг шахсий агенти) ва бу ҳамкорлик яхши чиқмоқда. Ўта иқтидорли йигит. 

- Рафиньяга қайси таъриф мосроқ - «Янги Неймар»ми ёки «Янги Роналдиньо»?

- Йўқ, йўқ, таққослаш жоиз эмас. Ҳар кимнинг услуби ва ўзига хос ўйин чизмаси бор. Умуман олганда, Рафинья ҳар қандай жамоада муваффақият қозониш учун етарли салоҳият ва зарур сифатларга эга.

- Ҳозирда сизга халқаро майдонда қайси футболчи кўпроқ ёқяпти?

- Ҳамон Месси ижросидаги ўйинни томоша қилишдан роҳатланаман. Кузатишга арзийдиган ўйин. Неймар ўйнаса, Мбаппе ўйнаса... Шунингдек, Рафиньянинг майдондаги ҳаракати ҳам чакки эмас.

- «Барселона»да «Олтин бола» мақомини олган йигит бор - Педри...

- Унинг кучли томонлари кўп. Асосийси, клубга дадил кириб келди. Умид қиламанки, Педри ҳали «Барса» тарихига ёрқин нур олиб киради.

- Жамоада сизга тегишли рақам - «10»ни олган истиқболли ҳужумчи Ансу Фати ҳақида нима дейсиз?

- Ҳа, Ансу фаолиятини катта тезликда бошлади, бирдан тарих яратишга тушди. Фати худди шу руҳда давом этиши керак, шунда чиндан ҳам, такрорланмас ишларни амалга ошириши мумкин. Муҳими, Ансуда барча зарур фазилатлар 

мужассам, фақат энди уларни ривожлантирса, бас.

- Жорий йил якунига жаҳон чемпионати белгиланган. Биламизки, Бразилия термаси ҳар доим бош фаворитлардан бири саналади. Луис Энрике бошқарувидаги Испания миллий жамоаси ҳам анча кучли...

- Ҳа, кучли жамоалар кўп. Жумладан, Испания ва Энрике - бир бутун. Энрике ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида чинакам феномен эди, шундайлигича қолибди. Лекин фикримча, Бразилия термаси кучлироқ, барибир.

ҚИСҚА САВОЛ-ЖАВОБЛАР

- Болаликдаги кумирингиз?

- Акам.

- Дунё ташвишларидан қочадиган жойингиз?

- Уйим.

- Шаҳар?

- Порту-Аллегри.

- Севимли мусиқа...?

- Ҳаммасини эшитаман. Нимани танлашим муайян вазиятга боғлиқ.

- Севимли таом...?

- Ловия, тухум ва гўштли гуруч.

- Сизга ёқадиган МВА ўйинчиси?

- Майкл Жордан, Мэжик Жонсон ва Коби Брайант.

- Сизга футбол берган энг яхши дўст?

- Яхшиямки, улар жуда кўп.

- Агар футбол бўлмаганида...

- Ўзимни мусиқага бағишлардим, менимча.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: zakovat.uz
Киритилди: 12:30, 06.05.2022.
Ўқилди: 2074 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.