"Челси" якунига етиб бораётган мавсумни ўта кўтаринки руҳда бошлаган эди. Катта харидлар амалга оширилган, футболчиларнинг руҳияти баланд ва марралар юқори олинган. Аммо мухлисларнинг умидлари оқланмади. Жамоа орада анча оғир дамларни бошидан кечиришига тўғри келди. Хусусан, клуб академияси маҳсули бўлган Рис Жеймс ҳам. У ва Бэн Чилвелл сўнгги бор майдонда биргаликда 20 ноябр куни, "Лестер"га қарши ғалабали ўйинда ҳаракат қилган. Ўша пайтда клуб АПЛ етакчиси бўлиб, "Манчестер Сити"дан 3 очко, "Ливерпуль"дан эса 4 очко олдинда бўлган. Шундан бери Чилвелл майдонга тушмади. Жеймс эса бу йили фақат 4 та АПЛ баҳсида иштирок этди.
Жамоанинг муваффақиятсизликлари ушбу футболчиларнинг йўқлиги билан ҳам боғлиқ бўлади. Томас Тухель мавсум давомида майдон ва ундан ташқарида етарлича муаммолар гирдобида қолишида асосий футболчиларнинг жароҳати ҳам омил эди. ЕЧЛдаги муваффақиятсиз иштироки ҳам "Челси"нинг юқоридаги жуфтлиги йўқлиги билан характерланади. Буни биргина "Ливерпуль"нинг Александер-Арнольд ҳамда Эндрю Робертсонсиз ўйнашига қиёслаш мумкин. Яъни, "Челси" ҳам Клопп жамоаси каби ўйин қуришда ҳужум вакиллари ҳамда уларга катта кўмакчи бўлган қанот ҳимоячиларига қаттиқ суянади. Айнан шу нарса Томас Тухелга қимматга тушди. У Чилвеллнинг йўқлигини Маркос Алонсо билан яширишга ҳаракат қилди. Аммо испаниялик футболчи шериги каби темп ва тезликка эга эмасди. Шунингдек, Маланг Сарр ва Лофтус-Чик ҳам ҳали жамоа даражасидаги футболчилар эмас. Айни пайтга келиб, "Челси" ихтиёрида битта – Англия кубоги мусобақаси қолди, холос. Агарда уни ҳам юта олмаса (худди ўтган йиллардаги каби), жамоанинг мавсуми ўта омадсиз ўтган бўлади.
"Челси" тез орада Антонио Рюдигердек жаҳон даражасидаги футболчисидан айрилади. Шу сабаб Чилвелл ва Жеймсни янгиланган ва яхшиланган битимлар орқали жамоада қолишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, клуб раҳбарияти учун Жеймс устувор вазифага айланади. Негаки, унинг хизматларига "Реал" кучли қизиқиш билдира бошлаган. Бу эса "Челси"ни эртароқ ҳаракат қилишга чорлайди. Ўзидан чиққан футболчини, боз устига, айни дамда заруратга айланган фигурани ҳеч бир клуб қўйиб юборишни истамайди.
Ҳа, Рис Жеймс "Челси"нинг келажаги бўлиши мумкин. Тухель уни ўйнатишни хоҳлайди. Чунки Жеймс аллақачон ўз позициясида дунёдаги энг яхши футболчилардан бирига айланиб улгурган. У камида яна 10 йил ҳозирги даражасини ушлаб туриши мумкин. Қанотдаги тинмай меҳнат қилиш, ўта муҳим кросслар амалга ошириш ва баъзан тўпни дарвозанинг юқори бурчагига қадаб қўйиш, Жеймснинг хос хусусиятлари сирасига киради. Шу сабаб биз Жеймс ва Чилвелл каби футболчилар йўқлигини катта фожиа сифатида ифода этдик. Бу нарса "Челси"ни ЕЧЛ ва АПЛдаги ғалабасини имконсиз ишга айлантириб қўйди. Клубнинг яқин тарихидаги трансферларда йўл қўйилган хатолар янги бошқарувчилар даврида такрорланмаслиги керак. Янги келадиган маъмурият муҳим футболчиларни вақтида олиб қолиш сиёсатини юритса, жамоанинг келажаги яхшироқ кўринишда бўлади.
ИСМАТОВ Ж.