“Мустаҳкам оила” йилига бағишланади.
Ҳурматли мухлис!
Тўғриси, мақолага даб-дурустдан бундай сарлавҳа қўйишимга сабаб бўлган омил “ИнтерФутбол” газетасидаги “Футболчи ва оила” рукни остида доимий равишда бериб борилаётган қисқа хабарлар бўлди. Газетхонлар билишадики, мазкур хабарларда футболчиларнинг ўз жуфтига қилган хиёнати (ёки бунинг тамоман акси), садоқати ва оилавий жанжаллари, саёҳатлари ҳақида қисқа маълумотлар бериб борилади.
Хўш, нима бўпти деяпсизми? Ҳа, нима бўпти. Бу бир тарафдан яхши-ку! Футболчиларнинг шахсий ҳаётидан хабардор бўлишликнинг нимаси ёмон? Аммо мени жияним бор-да! Жиян қурғур, уйга қачон газета кўтариб келсам, орқа саҳифадан тескари ўқий бошлайди. Сабаби эса оддий: “қизиқади”. Мени аниқроқ тушунишингиз учун газетанинг охирги сонида эълон қилинган хабарни келтириб ўтсам. Келинг, яна бир карра ўқийлик..
"Тоттенхем"да ҳам хиёнаткор.
"Тоттенхем" ҳужумчиси Жермейн Дефо ҳам хиёнатга боғлиқ можаро қаҳрамонига айланди. У ўз қаллиғи поп юлдуз Александра Беркка хиёнат қилганликда айбланмоқда. Британия матбуотида футболчининг Ньюкаслдаги меҳмонхоналардан бирида фотомодель Жорди Лоро Браун билан кўнгилхушлик қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бу каби шов-шувли мақолалардан безиган Дефо ниҳоят барчасини тан олиб қўя қолди. “Хеч кимни алдамоқчи эмасман — дарҳақиқат Лоро билан бирга бўлганман”, — деди Англия терма жамоаси аъзоси. Модель ҳам бу сўзларни тасдиқлади, лекин барчаси тасодифий рўй берганини алоҳида таъкидлади: “Аслида Дефо билан қандайдир муносабат ўрнатиш ҳақида ҳаттоки ўйламагандим ҳам. Шунчаки, ҳаммаси тасодифан юз берди ва мен бундай тақдирга таъсир ўтказа олмадим...”. Дефо ўз хатти-ҳаракатлари билан “Шпорлар”ни энг ашаддий мухлисларидан жудо қилмаган бўлсинда...
Бу лавҳа учун “ИнтерФутбол” газетаси таҳририятини асло айблаб бўлмайди. Ўз-ўзидан маълумки, хозирги пайтда ахборот ва хабарлар оқимини мажбурий сиқиб, ушлаб туришнинг имкони йўқ. Чунки, ўқувчи бунга ўхшаш мақолаларни у газетдан бўлмаса интернетдан ёки бўлмасам кабель тармоғидан телевизор орқали олади. Хўш, келажак авлод маънавияти ҳақида қайғуриш катталарнинг бурчи экан, нима қилмоқ керак? Топдингиз! Тарбияни тўғри олиб бормоқ керак. Ўсиб келаётган ёш футболчиларга ва мухлисларга тўғри ёндошув кўрсата билиш керак. Ўрнак керак! Намуна зарур! Бунинг учун эса...
Жияним анча ёш. Ҳали мўйлаби сабза урмаган. Келажакда машҳур футболчи бўлмоқчи. Орзуга айб йўқ. Машҳур ўйинчи бўлса, камина ҳам “КАТТА ТОҒА” бўлиб мағрурланиб юрардим, қанийди. Лекин унинг тарбиясига масъуллар қаторида бир ташвиш ўйлантиради: ана, боринг, орзу ҳам амалга ошди, дейлик. Жиян тушмагур, ҳозирданоқ бизнинг маънавиятимизга хос бўлмаган бундай хабарларни ўқиб, ўзича ўйласа керак, — Футболчига хамма нарса ярашади, деб. Ҳмм, бу ҳали холва. Ўқиса майли, кўраяпти-да, шунга ўхшаш сюжетларни. Тезкор мисол: ҳар оқшом ойнаи жаҳон қаршисида футбол баҳсларини томоша қиламиз. Ўша ўйинларда футболчиларни кўриш баробарида мухлисларни ҳам кўрамиз. Ғарб операторлари қарийб идеал ишлашади, тасанно! Афсуски, баъзан айрим мухлислардаги жазавани кўриб хуноб бўласан, киши. Яқинда “Бавария” ва “Кьёлн” жамоалари ўртасидаги баҳс якунлангач, мухлислар стадионни полигонга айлантириб юборишди. Қоп-қора тутун. Жазава. Бақириқларнинг маънисига тушуниб бўлмайди. Ёки бўлмасам нима эмиш: қайсидир фотомодель (исмини ёзгим келмади) севимли жамоаси ғалабаси шарафига стадионда стриптиз кўрсатармиш. Сербия терма жамоаси мухлислари эса, Италияда томоша кўрсатиб, севимли футболчиларининг нафратига “сазовор” бўлишди (Деян Станковичнинг кўз ёшлари ва мухлислар олдига келиб ялинганлари, эсингиздадир). Энг даҳшатлиси айрим жамоа мухлислари ўйиндан сўнг жанжал кўтаришади. “Унча мухлис ўлибди, бунча мухлис касалхонага ётқизилибди” қабилидаги хабарларни эшитиб эса этинг музлаб кетади. Ахир шу ҳам мухлисликми?! Эҳ-ҳе, бу кабиларнинг давоми ҳам борки, истеҳзо билан кулишдан нарига ўтолмайсан. Қўл силтаб қўяй десанг, жиян телевизор кўради, интернет “титади”. “Футбол мухлислар учун ўйналади”, дейилгани рост. Аммо бу ибора мухлисларга ҳар қандай хунрезликлар, яланғоч томошалар кўрсатиш учун дастак дегани эмас-ку! Хавотирланманг, у ёқ Европа, Океан орти, бизда ундай бўлмайди, дегандай бўлдингизми? Биз-ку, тушунамиз, кимлигимизни ва қанақа мухлислигимизни ҳам биламиз. Фақат авлодлар олдида муносиб аждод бўлишнинг асосий шарти — миллий ўзликни сақлаб қолиш ва шунинг баробарида уни келажак авлодга етказиш зарурлигини ёддан чиқармасак бас. Ўшанда барчаси ўйлаганимиздек бўлади.
Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи ва жуда муҳим томони эса маданият. Мухлислик маданияти.
Мен, манна қарийб 20 йилдан бери футбол баҳсларини томоша қилиб келаман. Шу миллиардлар ўйинидан туйган лаззатлариму, изтиробларим ҳам сизники каби бисёр. Шу ўринда «мухлис+футбол=ҳаёт» касбий стажи 50-60 йил бўлган, ёши улуғ ҳақиқий футбол ихлосмандларига ҳурматимни сақлаган ҳолда айрим мулоҳазаларимни ёзмоқчи эдим (аслида насиҳат сизлардан. Ғўрлик қилган бўлсам, узр). Ҳар ҳолда бу мавзу ота-оналар, устозлар, футбол журналистлари миясида ғужғон ўйнаб турган бўлса, не ажаб? Тўғри, мухлислик маданияти хақида кўп ва хўп ўқиганмиз, эшитганмиз. Бироқ менинг ёзаётганларим асло панднома эмас, ишонч ортидаги хадик.
Бизнинг яшаш тарзимиз юриш-туришимизда, кийинишимизда ва ўзаро муомаламизда ўз аксини топади. Қисқа қилиб айтганда, булар бизнинг маданиятимиз. Лекин кейинги йилларда виртуал ахборот алмашинув натижасида “оммавий маданият” кириб келди. Бу маданият жамиятнинг барча жабҳаларини ўз домига тортиб кетмоқда. Содда айтганда, миллий чегараларнинг “ювилиш” жараёни бошланди. Эндиликда, қачонлардир биз учун аҳлоқсиз аталган хатти-ҳаракатлар одатийга айланиб қолди. Бу каби “маданият”лар спортга ҳам кириб келганига анча бўлди. Замон талаби — шу, нолишдан фойда йўқ. Лекин мазкур касалликнинг олдини олиш ва бу муаммога эътибор қаратиш ҳаммамизнинг оилавий бурчимиздир. Аниқ мақсадга кўчиб айтганда, маданиятимизни асрайлик! Фарзандларимизга замонавийлик маданиятсизлик эмаслигини тушунтирайлик. Билсангиз, спортнинг қай тури бўлмасин, спортчида ва мухлисда унинг маданияти мужассам бўлади. Ўша маданият орқали уларни дунё танийди. Ўзбекча кураш, японча дзюдо, хитойча кунгфу ҳайқириқларида қадриятнинг ўқ илдизи сезилади. Футболда ҳам шундай. Катта баннер-байроқ ва бошдаги улкан дўппилар ҳозирда ўзбек футболи мухлисларининг асосий катализатори. Катализатор дейишимнинг боиси шуки, футболчиларимиз қалбидаги ватанпарварлик ҳиссини янада чўғлантирадиган асосий кўриниш ўша. Бу бизга ёқади, лекин тушунарсиз бақириқлар эмас. Жазава керакмас, бизга. Биз бағрикенг, миллатпарвар ҳалқмиз. Шарқона босиқлик бор, бизда. “Оммавий маданият”дан келадиган “оммавий мухлислик” ҳам керакмас. Бу ижобий ҳислатларимиз барқарорлигининг муҳим негизи эса маданиятимизда. Уни асраб-авайлайлик, келажак авлодга уни нафақат ўз ҳолида, балки янаям бойитиб, гўзал фазилатларга ва намуналарга тўлдириб қолдирайлик...
...мен жиянимни машҳур футболчи бўлишини ҳохлайман.
...мен жиянимни асл мухлис бўлишини ҳоҳлайман.
...мен келажагимни буюк бўлишини ҳоҳлайман.
...лекин буларга маданиятсизлик орқали эришгим йўқ! Худди сиз каби...
Темучин