Про лиганинг 8-тури доирасида бўлиб ўтган “Шўртан” – “Андижон” (0:1) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб андижонликлар бош мураббийи Виктор Кумиков иштирок этди.
— Виктор Балютович, ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув борасида фикрларингиз қандай?
— Табрик учун раҳмат. Албатта, биринчи бўлимда ўйинимиз қовушмади. “Шўртан” жамоаси ҳар жабҳада устунлик қилди. Биринчи таймни “разведка” билан ўтказдик десак ҳам бўлаверади. Негаки, “Шўртан” яхши жамоа. Бу рақиб менга ёқади. Иккинчи бўлимда ўйинимизни яхшилашга ҳаракат қилдик.
— “Шўртан”ни қанчалик ўргангандингиз?
— “Шўртан”нинг олдин ўтказган учрашувларини кўриб чиқдим. Шу пайтгача Рро лигада кимлар билан куч синашган бўлсак, уларнинг орасида “Шўртан” ўйин тарафлама энг кучлиси.
— Жамоангиз учта учрашувдан бери охирги дақиқаларда гол уряпти. Бу нима билан боғлиқ?
— Охирги дақиқаларда гол уришимизга келсак, жамоамиз жисмоний томондан яхши тайёргарлик кўрган. Шу сабабли сўнгги дақиқаларгача курашиб, гол уряпмиз.
— Иккинчи бўлим бошларида Соҳибжонов жарима майдони ичида йиқилди ва ҳакам симуляция ишлатди, деб айтди. Бунга муносабатингиз қандай?
— Фарҳод Соҳибжонов билан рўй берган вазият ҳақида гапирсам, иккала жамоада ҳам симуляция ишлатилган ҳолатлар бўлди. Ҳакам тўғри қарор чиқарди.
— Легионерларнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Легионерларга келсак, Горон Милойко билан Владимир Бубаньянинг ўйинларидан қониқдим. Богдан Милични эса бугун ўйини ўхшамади. Уни кўпроқ жарима майдони ичида фойдаси тегади. Бугун эса унчалик кўп ҳужум қила олмадик. Аксига олиб, ярим ҳимоячиларимиз ҳам кутилган даражада ўйнай олмадилар. Шу боис Милични ҳам ўйини чиқмади. Унга кўпроқ тўпни етказиб туриш керак.
“Андижон” матбуот хизмати.