“Шўртан” – “Андижон” (0:1) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар мураббийи Ботир Қодирқулов қатнашди.
— Ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
— Учрашув оғир бўлишини билардик, шунга яраша тайёргарлик кўрдик. “Андижон”нинг ўйинини ўрганиб чиқдик. Бўйдор футболчилари бор ва иккинчи қаватда яхши ўйнашини билардик. Охирида кучимиз етмай қолди, балки мувозанатни йўқотгандирмиз.
— Ўйинда қилинган ўзгаришлар ўз таъсирини ўтказдими?
— Бугун ютқазадиган ўйин ўйнамадик. Учрашув охирларида майдонга тушган футболчилар унчалик ёрдам беришмади. Захирадан майдонга тушган 2-3 нафар футболчининг ўйинидан кўнглимиз тўлмади. Яна ўз устимизда ишлаймиз.
— Тошкентда “Про” лицензияси учун ўқиётган “Шўртан” жамоаси бош мураббийи Асрор Алиқуловнинг йўқлиги қанчалик билинди, деб ўйлайсиз?
— Асрор Чориевич билан ҳар куни телефонда гаплашиб турдик. Қандай ўйнашимиз, қанақа тактикада ҳаракат қилишимизни муҳокама қилдик. Керак бўлса, ҳар ярим соатда мулоқот қилдик, бугун ҳам гаплашдик. Бош мураббийнинг кўрсатмаларини футболчиларга тушунтирдик. Йигитлар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди, аммо 100 фоиз эмас. Афсуски, охирги сонияларда гол ўтказдик. “Андижон” ҳам бизнинг ўйинни ўрганиб чиққан. Учрашувдан кейин бош мураббийи билан гаплашдик. “Шўртан”дан чўчиганини айтди. Шунинг учун улар қарши ҳужумда ўйнади. Бугун биз ўйлагандек ўйин бўлди. Бироқ учрашув тугашига 20 сония қолганида гол ўтказиб юбордик.
— Гол ўтказилган вазиятда дарвозабон, менимча, тўпга чиқишда хатога йўл қўйди. Ўйиндаги ягона голда дарвозабонни айблаш мумкинми?
— Ҳаммамиз айбдор. Тўғри, тўп ҳавода узатилганида дарвозабонни қўлида бўлиши керак. Вазиятни яна кўриб чиқамиз.
“Андижон” матбуот хизмати.