Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Турдан тургача» тайёрланиб туринг

Баҳо:
+1 | -

Тан олишим керак, "Турдан тургача" кўрсатуви менга ёқади. Телекўрсатувдаги камчиликлар, муаммоларни кўпчилик танқид қилаётган эса-да, менга кўрсатувнинг ғояси ёқади. Муҳим воқеалар жараёнида бир қатор журналистларнинг студияда йиғилишлари ва муҳокама қилишлари, бу мунозараларни футбол мухлислари томоша қилишлари жуда яхши ғоя!

Энг асосийси, келажакда бу кўрсатув анча ривожланиши, мухлисларнинг севимли кўрсатувларидан бирига айланиши мумкин. Телевидение — катта куч. Инсон эса у ерда ўзи қизиққан соҳаси ҳақида гапиришларини истайди. Кўрсатувга нисбатан менинг, сизнинг, раҳбарларнинг, мутахассисларнинг эътиборда бўлишлари табиий ва қувонарли ҳолат.

Аммо...

Лекин айнан мана шу кўрсатувни бевоситиа "ишлаб чиқариш" билан шуғулланадиган журналистларнинг ушбу кўрсатувга нисбатан эътиборсизлиги бор, бўлган ва такрорланмоқда. Йўқ, "Бавария" гўёки, бир ҳафтадан кейин бўладиган ЕЧЛ финалига ўз кучини аяб, ГЕРМАНИЯ КУБОГИ ФИНАЛИДА (!) "БОРУССИЯ" (!!!) га қарши ўйинга жиддий эътибор қаратмаганлиги ҳақидаги кулгили фаразларни танқид қилишга ҳаққим йўқ. Майли, бу ҳам бир фикр. Яшашга ҳақли. Бу мулоҳазаларни тинглаётган мухлис унга қўшилмаслиги, инкор қилиши, қабул қилиши мумкин ва ихтиёр бор. Лекин бевосита айнан кўрсатув ёритаётган, таҳлил қилаётган мусобақа ҳақидаги фундаментал хатолар-чи? Бунга кўрсатувнинг ҳаққи борми? Йўқ, кечирасиз.

Кечаги кўрсатувда "Бунёдкор" ва "Поханг Стилерз" ўртасидаги ўйин олдидан мулоҳазалар айтилди. Кимдир "Поханг"ни тажрибали деди, кимдир "Поханг" биз билган "Поханг" эмас, деди. Ўзига хос тарзда параллел мулоқот кечди. Майли. Яна ўша яшашга ҳақли бўлган фаразлар. Кимдир "Поханг" дуранг учун ҳаракат қилади, уларни дуранг қониқтиради, деди. Бу ерда тортишса бўлади – ўйиндан олдин дуранг қониқтириши ҳолати бундай вазият учун мос келмайди. Сабаби, "Поханг" мабодо ғалаба қозонса, гуруҳда биринчи ўринни ҳам қўлга киритиши мумкин. ОФК да биринчи ва иккинчи ўрин ўртасида катта фарқ бор. Буни биламиз. Нега энди, "Поханг" фақат иккинчи ўрин учун курашиш билан кифояланар экан? Бу ҳам алоҳида мавзу. Афсуски, яна эътироз билдира олмайман, ўша фаразлар ҳам яшашга ҳаққи бўлган фикр. Яшайверсин. Энг ёмони, мана шундай яшашгагина ҳақли бўлган фикрлар шунчалик кўпки... Индамадим.

Энг даҳшат "қовун" кейин кузатилди. Атайлаб, бу мулоҳаза айнан кимнинг номидан янграганини айтмайман. Студияда Даврон Файзиев, Дилшод Тўхтабеков, Мурод Ризаев, Рауф Инилеевлар ўтиргандилар. Ушбу ХАТО нинг масъулияти уларнинг барчасига бирдек тушади. Хато айнан бир киши томонидан йўлга қўйилган бўлса ҳам, ҳеч ким буни тузатмади. Ё улар ҳам шу фикрга қўшиладилар. Ё билиб туриб, ҳамкасбларини изза қилгилари келмади. Ёки умуман эшитишмади. Ҳар уч ҳолатда ҳам, кўрсатув иштирокчиси сифатида эътиборсизлик ва масъулиятсизлик қилдилар. Бу шубҳасиз.

Хуллас, агар "Бунёдкор" бугунги ўйинда йирикроқ ҳисобда ғалаба қозоса-ю, "Аделаида" мағлубиятга учрайдиган бўлса, тўплар нисбатига кўра, "қалдирғочлар" биринчи ўринга кўтарилиб олишармиш. Қанийди! Лекин регламентга кўра, ОФК чемпионлар лигасида аввало, ўзаро ўйинлар натижаси эътиборга олинади. Унга кўра, "Бунёдкор" ҳар қанча гол урмасин, австралияликлардан ўтиб кетолмайди! Футбол мухлислари бугун бизни кутиб турган масъулиятли учрашувлар олдидан, ўйин ҳақида таҳлилий мулоҳазаларни кутиб, экран қаршисига келадиган бир паллада бундай хатони кечирса бўладими?

Энг ёмони, худди шу хато ўтган гал ҳам кузатилганди. Айнан мана шу регламент бўйича, кейинги босқичга чиқиш имкониятини буткул йўқотган "Насаф"нинг кейинги босқичга чиқиши мумкинлиги ҳақида гап борганди. Ҳатто "Насаф" кейинги босқичга чиқа оладими?" деган мазмунда савол қўйиб, пуллик овозга бериш жараёнини амалга оширишганди. Бу нима, одамларни алдаб пулини олишми ёки аҳмоқ қилишми? Наҳотки бутун бир студия бу ҳақида ҳеч нарса билмаса? У ҳолда бунақа студиянинг нима кераги бор? Ўшанда сайтимизда, бу хато ҳақида атрофлича тўхталинганди. Лекин ўқишмапти шекилли. Бизни ўқимаслигингиз мумкин. Кўпчилик ўқимайди. Аммо сизни ҳамма кўради. Шуни эътиборга олинглар, илтимос.

Қаҳрамон АСЛАНОВ.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:03, 16.05.2012.
Ўқилди: 12435 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.