Шимолий Лондон дербиси АПЛда тўртинчи ўрин учун курашни ўта юқори даражага олиб чиқди. Ўша ўйиндан кейин вазият бутунлай ўзгарди десак ҳам бўлади. Хусусан, "шпорлар"га яна курашга қайтиш учун иккита ғалабали юриш зарур эди ва Антонио Конте жамоаси буни эплади. Айни дамда улар вақтинчалик тўртинчи ўринга кўтарилиб олди (67 очко билан). Агарда "Арсенал" пайшанба оқшомидаги баҳсни ютганида, жамоа аллақачон ЕЧЛ масаласини ҳал этган бўларди. Аммо "Тоттенхэм" ўз майдонида рақибни аяб ўтирмади ва рақиб дарвозасига 3 та жавобсиз тўп кирита олди. Конте жамоасининг кейинги рақиби "Бёрнли" эди ва бу "Бёрнли" оддий жамоа эмас, балки АПЛда қолиш учун бор кучи билан курашаётган бир клуб бўлиб турибди. Шу сабаб улардан ҳар қандай ўйинда ҳар қандай натижани кутса бўлади. Аммо бу сафар "Тоттенхэм" кўнмади. "Бёрнли"га қарши баҳсда "шпорлар" худди "Брайтон" билан ўйин каби ғалати ҳаракат қилди.
Дастлаб, баҳсни яхши бошлаган "шпорлар", кейинчалик "Бёрнли"нинг қаршилигини қайтаришга мажбур бўлди. Бироқ, мезбонлар биринчи бўлим охирида баҳсли пеналтига эга чиқди. Ўн бир метрлик нуқтадан эса Харри Кейн зарба бериб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлим, аввалроқ айтганимиздек, мезбонлар учун асабий кечди. Негаки, "Бёрнли" ҳужумларни кўпайтирди ва қарши томонда ғалати ва ўхшамаган хатолар кўпайиб кетди. Охир-оқибат, барибир "шпорлар" ўз даражасини намойиш этиб, ҳисобни ушлаб қолишга муваффақ бўлди. Буни эса инкор этиб бўлмайди.
Бугун мухлислар орасида Антонио Конте ўз натижалари билан чўкиб қолган клубни яна қайтадан бирлаштиргандек таассурот уйғона бошлади. Ҳақиқатдан ҳам "Тоттенхэм" Моурисио Почеттинодан кейин инқирозга юз тутганди. Конте эса тўлиқсиз мавсумда бўлса ҳам клубни қайтара олди. Ҳа, мавсум якунланмагунча бир нима дея олмаймиз. Чунки сўнгги турлар ҳали олдинда. "Тоттенхэм" эса, ҳатто бу мавсумда ЕЧЛ йўлланмасисиз қолса ҳам келажакда яна қайтади. Айни дамда "шпорлар" "Арсенал"дан икки очкога ўзиб кетишга муваффақ бўлди. Тўпчиларни эса бугун тунда "Ньюкасл" майдони бўлмиш "Сен-Жеймс Парк"да ўта муҳим баҳс кутиб турибди. Ушбу ўйин катта эҳтимол билан тўртинчи ўринни ким эгаллашини ҳал қилиши мумкин. Негаки, ютиш шарт бўлган ўйинни "Тоттенхэм" ғалаба билан якунлади. Энди эса "Арсенал"нинг навбати. Кўрамиз, Микель Артета жамоаси тўртинчи ўринни қайтариб олиш учун нималар қила олар экан.
АПЛнинг мавсум сўнгини бундан яхшироқ тасаввур қилиш қийин эди. Турнир жадвалига бир қур назар солсангиз бунга гувоҳ бўласиз. Чемпионлик, тўртинчи ўрин ва элитада жон сақлаб қолиш учун жанг авжига чиққан бир даврда турибмиз. Тез орада натижаларни билиб оламиз. Ҳозирча эса воқеалар ривожини кузатиш ва севимли жамоаларни қўллаб-қувватлаш керак...
ИСМАТОВ Ж.