Тэмми Абрахам
Абрахам италян футболида порлаган сўнгги британиялик ҳисобланади. Собиқ "Челси" футболчиси "Рома" сафига ўтган ёзнинг августь ойида, 34 миллион фунтга трансфер қилинади. У бир мавсум давомида мухлислар ёқимтойига айланди. Ҳужумчи ҳисобида айни дамга қадар 25 та гол мавжуд. Англия терма жамоаси аъзоси Италияда беш йил, ҳафтасига 80 минг фунтлик битим билан бўлиб туради. Шунингдек, Абрахамнинг шартномасида "Челси"нинг 68 миллион фунтга қайтиб сотиб олиш банди ҳам қўшилган. Бу учун ҳужумчи яна бир мавсум яхши даражада ўйнаб бериши керак.
Фикайо Томори
Томори ўтган йили "Милан"га ижара асосида ўтган. Бу кўчишдан асосий кўзланган мақсад эса доимий ўйин вақтига эга бўлиш эди. "Милан" мавсум аввалида марказий ҳимоячини 24 миллион фунтга харид қилади. 24 ёшли футболчи эса буни оқлади. У ҳозирга қадар асосий таркибда 60 та учрашувда майдон юзини кўрди. Томорининг мавсум бошидаги ажойиб формаси, уни терма жамоага қайта чақирилишига сабаб бўлди. Бугун эса у ўз клуби билан Италия чемпионлигига жуда яқин турибди.
Аарон Ремзи
Ремзининг Италиядаги саргузаштлари тез орада якун топиши мумкин. Собиқ "Арсенал" ярим ҳимоячиси 2019 йилнинг ёзида "Ювентус"га йўл олганди. Бугун эса у яна АПЛга қайтиши айтилмоқда. Ремзи учун "Ньюкасл", "Вулверхэмптон" ҳамда "Тоттенхэм" қизиқиш билдирган. Айни дамда Уэлс терма жамоаси сардори Шотландиянинг "Рейнжерс" клуби сафида ҳаракат қилмоқда.
Эшли Янг
2020 йилнинг январида Янг "МЮ"ни тарк этиб, "Интер"га йўл олади. У ўз фаолиятининг охирги даврида (ҳозир 36 ёшда) ҳимоядаги ишларга мослаштирилган эди. Ўтган мавсум Италия чемпиони бўлгач, Янг 2021 йилнинг ёзида "Астон Вилла"га қайтиб келди.
Крис Смоллинг
32 ёшли Смоллинг 2019-20 йилги мавсум давомида "Рома"да ижара асосида ҳаракат қилди. Унинг ўйини раҳбариятга маъқул келгани сабабли, Смоллинг "Рома" билан доимий битим тузади. Римликларга бу футболчи хариди 14 миллион фунтга тушганди. Ҳимоячи айни дамда Моуриньо жамоасида асосий фигуралардан бирига айланган.
Пол Гaскойн
Унинг "Тоттенхэм"дан "Лацио"га 5,5 миллион фунт эвазига трансфер қилиниши, миллионлаб инглизларни А серия ўйинларини кузатишга мажбур қилган. Гaскойн фаолияти асосан Италиядаги ёрқин даври билан ёдга олинади. Аммо ҳужумчини доимо жароҳатлар қийнарди. Ҳатто, Италияда ҳам. Гaскойн "Лацио"да, шунингдек, тил билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келган. Шу сабаб у 1995 йилда "Рейнжерс"га ўтиб кетади.
Дэвид Бекхэм
Бекхэм Милан шаҳрини севар эди. У "Милан" сафида фантастик ўйинлар кўрсатган. Энг қизиғи эса, Бекхэм у ерга МЛСдан ташриф буюрган. Шунга қарамай, ҳужумчи топ даража намойиш этганди. Бу ҳақида бир пайтлар "Милан" вице-президенти Адриано Галлиани шундай деган: "Бугунги футбол лиқ тўла стадионлар ва кўплаб ҳомийлар билан кўз-ўнгимизда гавдаланади. "Милан" Бекхэм, Кака ва Роналдиньони билан эса орзудаги жамоага айланган бўларди".
ИСМАТОВ Ж.