Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Европанинг энг ғамгин жамоаси

Баҳо:
+-1 | -

Қаторасига учинчи йилдирки, «Герта» ўн миллионлаб евроларни сарфламоқда.

170 млн. трансфер ойнасида беҳуда кетди (фақат «Бавария», «Боруссия Дортмунд», «Лейпциг» ва «Байер»нинг харажати бундан кўпроқ, холос), тинимсиз равишда Чемпионлар Лигасига чиқиш мақсади ҳақида гапирилади. Натижа-чи?! Бу клуб биринчи Бундеслигада аранг жон сақламоқда.

Уч йил аввал «Герта» 16 ёшида вундеркинд-бизнесмен сифатида қаралган инвестор ихтиёрига ўтди. У икки марта банкрот бўлиб, Қозоғистондаги авиаҳалокатда мўъжиза туфайли омон қолганди. Гап Tennor Holding корпорацияси раҳбари Ларс Виндхорст ҳақида бормоқда. Ундаги футболга муҳаббат фойда кўрмай пул тикишга ундади. Фақат футбол клуби орқали бизнесдаги обрўсини яхшилашни ўйлади. Аммо унинг ўйлаганлари амалга ошмади.

Ҳаммаси чиройли бошланганди: бизнесмен Германия медиасидаги инсайдларга қарши курашди. Мисол учун, 2021 йилнинг июнида Manager-Magazin ва Der Spiegel нашрлари клубга инвестиция киритиш тўхтаб қолгани ҳақида хабар тарқатди. Виндхорст «Твиттер» орқали барча тўловлар бўйича ҳисобот бериб, 2019 йилда Manager-Magazin «Герта» ва ишбилармон ўртасидаги алоқалар тезда узилгани ҳақида фейк маълумот чоп этганини қўшимча қилди.

Кейинги чиқишлар янада зерикарли бўлди. «Твит»лар чиройли сўзлар билан бойитилди, жонли нутққа келганда эса Ларс ўзини йўқотиб қўйди. Мисол учун, 2022 йилда «Герта» фанатлари бош мураббийлик постига Юрген Клинсманн келганидан сўнг амалга оширилган аҳмоқона харажатларда Виндхорстни айблаганда, жавоб шундай бўлганди: «Бу сафсаталарингиз ҳам кулгили, ҳам даҳшатли. 2019 йилнинг 24 ноябрида «Аугсбург»га 0:4 ҳисобида имконият бой берилгач, менга жаноб Притц (клубнинг ўша пайтдаги спорт директори) қўнғироқ қилиб, Клинсманни кўндирмоқчилигини айтганди. У Юргеннинг дарҳол Лос-Анжелесдан Берлинга учиб келишини айтиб, музокаралар бўйича ёрдам сўради».

Яна бир ҳолат ҳужжатли фильм съёмкалари билан боғлиқ. «Мақсад - ушбу фильмни Amazon сингари сервисларга сотиш ва шу тариқа «Герта»ни халқаро даражадаги бренд сифатида юксалтириш», - деганди Tennor Group вакили Андрес Фритценкоттер. Виндхорст шу мақсадда 1 миллион евро ажратди, аммо натижа унга ёқмади. «Эпизодларнинг бирида «Герта» ходими жаноб Виндхортстни ёқимсиз киши сифатида тасвирлаган, бир нечта саҳналарда эса Виндхорстнинг устидан кулишган. Бу фильм намойиш учун тўғри келмайди», - дея сўнгги қарорни эълон қилди Фритценкоттер. «Герта»дагилар барибир фильмни омма эътиборига ҳавола қилишни хоҳлашди, бироқ якуний монтаж учун пул керак эди, Виндхорст эса маблағ бермади.

Функционер «Герта»нинг бундай аҳволга тушиб қолишига ёлғиз сабабчи эмас. Таъбир жоиз бўлса, у салбий оқибатларга ҳомийлик қилмоқда - мураббийларнинг мунтазам алмашиши ва тушунарсиз сумма эвазига амалга оширилган ўта ғалати трансферлар шулар жумласидан.

v 2019 йилнинг ноябрида Юрген Клинсманн Бундеслигадаги 15-ўринни эгаллаб турган «Герта» бош мураббийига айланди. Икки асосий факт: биринчидан, Клинсманн бунга қадар олти йил иккинчи жамоани бошқарган, умумий ҳисобда клуб тизимига 20 йилини бахшида этган Анте Човичнинг ўрнини эгаллади. Иккинчидан, Юрген жамоада 76 кун ишлаб, «Герта» билан «Фейсбук» орқали хайрлашаркан, қарорини спорт менежментига кўпроқ таъсир ўтказишни хоҳлагани билан изоҳлади. Мураббийнинг бошқарув органида қолишни истагани қизиқ, лекин Виндхорст Клинсманни танқидларга кўмиб, ҳайдади.

v Кейинги мураббий Бундеслигада жон сақлаш учун курашиш бўйича иқтидорга эга Бруно Лаббадиа бўлди. У қишки трансферлар ойнасида 77 млн. евро сарфлади: «Лион» таянч ярим ҳимоячиси Тузар учун 25, «Милан» форварди Пёнтек учун 24, «Лейпциг» аъзоси Кунья учун 18 ва «Штутгарт» футболчиси Аскасибар учун 10. Улар орасида фақат Кунья дарҳол жамоага киришиб кетди, аммо 2021 йилнинг ёзида уни «Атлетико»га 21 млн. эвазига қўйиб юборишди. Қолганлар ишончни оқлашмади ва жамоа мавсум-2019|2020ни 10-ўринда якунлади.

v Мавсум-2020|2021 янада ёмон ўтди - бор-йўғи 14 ўрин. Мавсум ўртасида Лаббадиа ва спорт директори Притц истеъфога чиқди, «Герта»нинг афсонавий собиқ футболчиси (1997-2011) ва собиқ мураббийи (2015-2019) Пал Дардаи ортга қайтди. У жамоани элитада сақлаб турди, футболчиларни иродасизлик учун сўкди, кейин эса ўғли Мартонни асосий таркибга қўшди. Аслида Мартоннинг ўйини чакки эмасди, лекин барибир, танқидлар кўпайди.

v 2021 йилнинг 29 ноябрида Дардаини ишдан бўшатиб, ўрнига бир клубда тўлиқ бир мавсум ишламаган Тайфун Коркутни тайинлашди. Бу 2021 йилнинг баҳорида «Герта» спорт директорига айланган Фреди Бобичнинг мураббий тайинлови борасидаги дастлабки қарори эди.

Бобич - баҳсли персонаж. Уни «Айнтрахт»даги муваффақиятлари эвазига кўкка кўтаришганди, лекин таржимаи ҳолида омадсиз лойиҳалар ҳам бор. Фреди ишлаган пайтда «Герта» таркиби ўртамиёна футболчилар (Сердар, Рихтер, Маолида, Эккеленкамп) ҳисобига тўлдирилди, уларнинг ёнига Стефан Йоветич ва Кевин-Принс Боатенг эркин агент сифатида қўшилишди. Якунда Боатенг гол}пас тизими бўйича очко тўплай олмади, Йоветич эса 6та гол билан клубнинг энг яхши тўпурари бўлди. Айтганча, ҳар иккиси жароҳатга мойил.

Коркут лавозимида узоқ ишламади. 2022 йилнинг 14 мартида 17-ўринда бораётган «Герта»ни Феликс Магат қабул қилиб олди. Ҳақли савол: унинг тўлиқ мавсумолди тайёргарликсиз амалга ошириладиган истисноли методикаси наф берадими? Бу мутахассис ўйинлар оралиғида жисмоний ҳолатни яхшилашга интилмайди, тактик даҳодан ҳам умид йўқ. 

Бобични мақташга арзигулик ягона жиҳат - клуб иерархиясининг янгилангани. У скаутлар бўлимини қайта йиғди, «Айнтрахт»дан тажрибали жангчиларни таклиф этди, «Арсенал»дан рақамлар билан ишлашни ёқтирадиган Леонардо Скирполи келди. Ёшлар академияси структурасини яхшилаш билан шуғулланди, янги директор таклиф этиб, иш услубини кўриб чиқди. Берлин - йириклиги жиҳатидан Европанинг 5-шаҳри ҳисобланади, маҳаллий иқтидорлар етарлича, аммо мунтазам равишда уларни шарқий Германия клублари олиб кетади.

*****

2022 йилнинг февралида Виндхорст Capital нашри ташкил этган интервьюда «Герта»га киритилган инвестицияларни хато деб ҳисоблайсизми?» деган саволга жавоб берди: «Ростини айтсам, афсуски, ҳа. Ҳозирча фақат муаммо ва йўқотишларга учраяпман. Ягона ижобий тажриба - клуб аъзолари орасидаги профессионаллар билан танишиш. Ваҳоланки, қариндош-уруғчилик ҳолатлари ҳам учради».

Шу билан бирга, Виндхорст таслим бўлмоқчи эмаслигини ҳам қўшимча қилди. Муваффақият йўлида янги инвестициялар киритилади - гарчи унгача бўлган йўл аввал режалаштирилганидан кўпроқ вақтни талаб этса ҳам. Бунгача Ларс томонидан ажратилган пуллар-чи? Улар ҳақида Фреди Бобич жорий йилнинг мартида ҳисобот берганди: «Виндхорст клубга қарийб 500 миллион евро ажратди. Афсуски, уларнинг барчаси сарфлаб бўлинди».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: iff.uz
Киритилди: 13:08, 19.05.2022.
Ўқилди: 1743 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.