Ўзбекистон U-23 – Тожикистон U-23 терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик назорат учрашуви муносабати билан Бекобод шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов “Металлург” профессионал футбол қошида фаолият юритаётган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” болалар ва ўсмирлар футбол академияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбек футболи афсоналаридан бири, жаҳоннинг топ клубларида фаолият юритган таниқли меҳмон даставвал академия футбол майдонлари жойлашган ҳудудда бўлди. ЎФА делегацияси аъзоларида Сирдарё соҳилида жойлашган ҳамда қисқа фурсат ичида академия муассислари кўмагида қуриб фойдаланишга топширилган сунъий ва табиий қопламали футбол майдонлари, футболчиларнинг кийиниш, ювиниш хоналари билан танишишди. Шунингдек, айни пайтда барпо этилаётган янги, табиий футбол майдони, машғулот ўтказиш майдончаларидаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечиришди.
Шундан сўнг Одил Аҳмедов бошчилигидаги делегация аъзолари “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” болалар ва ўсмирлар футбол академияси ўқув биносига ташриф буюрди. Ўзбекистон металлургия комбинати АЖ бошқаруви раиси Р.Пирматов, академия директори А.Шарипов делегация аъзоларига академияни барпо этиш, улкан бунёдкорлик иши тарихи ҳақида маълумот беришди. Академияда тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар нуфузли меҳмонларда улкан таассурот қолдирди. “Бизнинг давримизда бундай шароитлар бўлмаган. Ҳозирги авлодга ҳавас қиламан. Агар биз улғайган пайтларда ҳам шу каби имконият ва шароитлар яратиб берилганида, мен “Реал” (Мадрид) клубида тўп сурган бўлардим”, - деб ўқувчиларга ўз таассуротларини ўртоқлашди Одил Аҳмедов. Ўз навбатида академия тарбияланувчилари ўзбек футболи фахрийси билан анжуманлар залида уюштирилган учрашувда ўзларини қизиқтирган турли саволларига жавоб олишди. ЎФА вице президенти академия тарбияланувчиларига қарата “бундай имкониятдан унумли фойдаланиш керак. Сизларнинг ўқишларингиз, билим олишларингиз, яшаш, ўзларинг севган касб – футболнинг сир асрорларини ўрганишларингиз учун барча зарур шарт шароитлар яратиб берилган экан. Фақат фақат ўз устларингда ишланглар. Изланишдан асло тўхтаманглар. Сизларнинг орангиздан ўзбек футболи шарафини халқаро майдонларда, жаҳон чемпионатларида ҳимоя этувчи футболчилар етишиб чиқишига ишонаман. Бунинг учун фақат ишлаш, меҳнат қилиш зарур. Бугун, катта футболгача бўлган қисқа фурсат ичида таъмил тошини қўйиб олишларинг зарур. Ёшликда олинган билим сизларга бир умр асқотади. Малакали мураббийлардан футбол маҳоратларингизни ошириб бориш баробарида бошқа фанларни ҳам чуқур ўзлаштириб боринглар. Айниқса, академияда хориж тилларини ўрганиш учун катта имкониятлар яратиб берилибди. Бу сизнинг бахтингиз, ундан албатта фойдаланишингиз керак” дея мурожаат этди.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон металлургия комбинати АЖ бошқаруви раиси, “Металлург” ПФК президенти Р.Пирматов ЎФА вице президенти Одил Аҳмедовга академия номидан эсдалик совғасини топширди. Ўз навбатида юртимиз футболи афсонаси “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” болалар ва ўсмирлар футбол академияси эсдаликлар китобига ўз тассуротларини ёзиб қолдирди.