Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов «ВсёПроСпорт» мухбири билан суҳбатда Европа конференциялар лигаси финалида бўлиб ўтган «Рома» ва «Фейеноорд» жамоалари ўртасидаги учрашув (1:0) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. Мазкур ўйинда ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ўйин тугашига 1 дақиқа қолганида захирадан майдонга тушди. У мусобақа доирасида 11та ўйинда иштирок этди.
«Шахсан Шомуродов учун Конференциялар лигасидаги ғалаба — улкан муваффақият. Биз Элдор билан фахрланамиз. Албатта, бу Чемпионлар лигаси эмас, аммо бу Европа бозори. Бундан ташқари, Шомуродовнинг ушбу турнирдаги ўйини — ўзбек футболи учун реклама. Футболчимиз бош мураббий Моуриньо бераётган кичик имкониятларда самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса "Рома"га фойда келтирмоқда. Элдор захирадан майдонга тушиб, жамоа ўйинини кучайтириши мумкин бўлган футболчи ҳисобланади.
Албатта, мен Моуриньо эмасман, у нима учун Шомуродовга кам ўйин амалиётини бераётганини тушунмайман. У клубда ҳар куни ишлайди. Эҳтимол, Абрахам машғулотларда яхшироқ кўринаётгандир. "Рома"да қолиш ёки қолмаслик масаласини Элдорнинг ўзи ҳал қилиши керак. Ҳар қандай жамоага мослашиш учун вақт керак бўлади. Балки, у айни пайтда «Рома»га мослашиб олиб, кейинги мавсумда бошқача ўйин намойиш этар.
Бундан ташқари, Моуриньонинг фикри ҳам муҳим аҳамиятга эга. Буни футболчи мураббий билан муҳокама қилиб олиши керак. Шомуродов – ҳақиқий жангчи. У Европада ўйнашни орзу қилган. «Рома» – Европанинг жиддий жамоаларидан бири. Ишончим комил, собиқ иттифоқ мамлакатларининг 90 фоиз футболчилари бундай даражада тўп тепишни истайди. Шунчаки, Россиядаги маошлар Европадагига нисбатан кўпроқ. Ўйинчилар фақат маош туфайли Россияда қолишади, деб ўйламайман.
Бошқа томондан, ушбу минтақа футболчиларига талаб юқори эмас, акс ҳолда улар кучли жамоаларга йўл олган бўлишарди. Шомуродовга таклиф тушди ва у Италияга йўл олди. Агар россиялик футболчиларга ҳам шундай таклиф тушса, улар буни рад этишмаса керак. Шунчаки, Европага боргандан кейин нималарга қодирлигини исботлаш керак бўлади. Шомуродов ҳам қанчалик иқтидорли бўлмасин, у ҳам ўзини кўрсатиши шарт. Европада собиқ СССР мамлакатларидан келган футболчиларга нисбатан муносабат у қадар юқори эмас. Шунинг учун бизнинг ўйинчилар Европада жойлашиб қола олишмаган.
Ўйнаб кета олган футболчилар бармоқ билан санарли. Улкан совет иттифоқини кичкина Нидерландия ва Бельгия билан таққослайдиган бўлсак, бу мамлакатлар ўйинчилари Европада яхши натижаларга эришишган», - деди Абрамов.