"Ливерпуль" 2021/22 йилги мавсумнинг энг яхши жамоалардан бири бўлди. Мерсисайдликлар дунёдаги энг қийин чемпионат бўлмиш Англия Премьер-лигасида 92 очко тўплади. Албатта, бу яхши натижа ҳисобланади. Аммо...
Юрген Клопп шогирдлари АПЛ доирасидаги 38 ўйинда икки марта мағлуб бўлди - "Вест Хэм" (2:3) ва "Лестер" (0:1). "Болғачилар" икки бурчак тўпи эвазига “қизиллар” устидан ғалаба қозонган бўлса, "Лестер" омад туфайли ўз ҳисобига 3 очкони ёзиб қўйди (ўша учрашувда “Ливерпуль” яхши ўйнади, аммо шамол “тулкилар” фойдасига ишлади). “Қизиллар” учун эса омадсизлик...
Шу сабабларга кўра, якунда “Ливерпуль” чемпионликни қўлдан чиқарди.
2018/19 йилги мавсумда мерсисайдликлар 38 ўйиннинг биттасида мағлуб бўлган эди — 97 очко. Бироқ, клуб барибир иккинчи ўринни эгаллади: “Манчестер Сити” 98 очко билан яна олтин медалга эга чиқди. "Қизиллар" ягона мағлубиятни айнан "Этиҳад"да қабул қилиб олган. Яна омадсизлик.
28-май куни “Ливерпуль” Чемпионлар лигаси финалида “Реал”га ютқазиб қўйди (0:1). Улар мадридликлар дарвозаси томон 23 та зарба йўллади. “Қироллик клуби” эса Алиссонни бор-йўғи 4 марта безовта қилди. Ўйиннинг тақдирини 59-дақиқада Винисиус томонидан киритилга ягона гол ҳал қилди. Умуман олганда, xG ҳисоб-китобларига кўра, "Ливерпуль" финалда 2,19, "Реал Мадрид" 0,92 та гол уриши керак эди. Аммо бу тахминлар якунда ўзини оқламади.
Чемпионлар лигаси, Лига кубоги ва Англия кубоги финалидан олдин "Ливерпуль" 6,12 гол уриши xG томонидан айтилди, лекин бирорта ҳам гол ура олмади. Шунга қарамай, Клопп шогирдларига иккита соврин насиб этди: “Ливерпуль” ички кубокларнинг иккисида ҳам “Челси”ни пенальтилар сериясидаги омад туфайли мағлуб этди.
xG ҳисоб-китобларига кўра, “Ливерпуль” Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан финалгача бўлган вақт давомида 27 та гол уриши ва ўз дарвозасидан 11,5 гол ўтказиб юбориши керак эди. Шунингдек, турнир ғолиби “Реал” ўз дарвозасидан 19,6 та гол ўтказиб юбориб, рақиб дарвозасига 19,2 та гол уриши тахмин қилинганди. Бироқ ундай бўлиб чиқмади.
Юрген Клопп замонавий футболдаги энг кўзга кўринган жамоалардан бирини қабул қилиб, "Энфилд"даги етти йил давомида олтита совринни қўлга киритди: Чемпионлар лигаси, Премьер-лига, Англия кубоги, Лига кубоги, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧ. Немис мутахассиси "Ливерпуль" билан уч марта Чемпионлар лигаси финалига чиқиб, фақатгина биттасида ғалаба қозонди (2018/19 йилги мавсум “Тоттенхэм”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган).
"Қизиллар"нинг 2019/20 йилги Премьер-лигадаги ғалабаси ажойиб бўлди: 32 ғалаба, 99 очко, атиги учта мағлубият. Аммо барибир ўша мавсум мухлислар ёдида “Ливерпуль” билан эмас, балки тўсатдан бошланган пандемия, ўйинларнинг ёзга кўчирилиши ва бўш трибуналар билан эсда қолган. Мерсисайдликлар ҳақидаги афсона кўршапалак шўрвасининг таъми билан бузилди.
Тақдир Юрген Клоппга жуда ҳам адолатсизлик қилганини кўрсатиш учун бу фактларни санаб ўтдик. Немис мураббийи томонидан амалга оширилган ишлар фонида, Зинедин Зидан коллекциясидаги учта ЕЧЛ бош соврини, Гвардиоланинг тўрт марта Премьер-лигада ғолиб чиққани ҳеч нарсани англатмаслигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Чунки улар шаклланган жамоа билан ишлаган, Юрген эса барчасини нолдан бажарган. Аммо тарихда статистика ёки амалга оширилган ишлар эмас, балки натижа қолишини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Яқинда "Эвертон" бош мураббийи сифатида ишлаган Карло Анчелотти “Реал” билан яна Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди ва бу борада мусобақа рекордчисига айланди: энди унинг коллекциясида тўртта “шалпангқулоқ” кубок бор. Папа Карло ўзи иштирок этган 5 та финалнинг 1 мартасида мағлуб бўлган. 2005 йил, Истанбулдаги ўша учрашув ёдингизда бўлса керак. Клопп эса фаолиятидаги учинчи финалда мағлуб бўлди: "Ливерпуль" билан иккита, “Боруссия Д” билан 1 марта.
Эҳтимол, юқоридаги натижаларнинг барчаси ҳеч нарсани англатмаслиги, Клоппда Зидан, Анчелотти ва Пепни қувиб етиш учун имконият бўлиши мумкин. Негаки, Юргеннинг ўзи шундай деб ўйлайди. У “Реал”дан учралган мағлубиятдан кейин мухлисларни навбатдаги Чемпионлар лигаси финалига ҳам чиқишни ваъда берди:
“Мен Чемпионлар лигаси финалида яна ўйнашимизни ҳис қиляпман. Йигитлар чиндан ҳам рақобатбардошли, улар ажойиб ўйин кўрсатди ва кейинги мавсумда ҳам шундай бўлади. Кейинги йил финал қаерда бўлади? Истанбулдами? Тезроқ меҳмонхоналарни брон қилинг”.
Хўш, агар Юрген ишонган бўлса, нега клуб мухлислари ишонмаслиги керак?! Аммо Истанбул финали олдидан клубда бир қанча катта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Садио Мане "қизиллар" сафини тарк этиб, “Бавария”га қўшилиши айтилмоқда. Сўнгги пайтларда Салоҳнинг ҳам ишлари жойида эмас: бор-йўғи тўрт ой ичида Муҳаммад Африка кубоги финалида мағлуб бўлди, Миср билан жаҳон чемпионатига чиқа олмади, Премьер-лига олтин медалидан қуруқ қолди ва "Реал"га ҳам имкониятни бой бериб, кубокни Мадридга кетишига имконият яратиб берди. 29-май куни "Ливерпуль" ютган кубоклари билан чемпионлик парадини уюштирди. Эҳтимол, бу тарихдаги энг қайғули чемпионлик паради бўлган бўлса керак.
Бизнингча, тақдир Клоппни яхши инсон эканлигини ёқтирмагандек туюлади. Тўғри, “қизиллар” 32 йил ичида бир марта чемпионликни қўлга киритди ва бу яхши натижа ҳисобланмас, лекин барибир "Ливерпуль" мухлсилар эркатойи бўлиб қолмоқда.
Қачондир, балки бир йилдан кейин ёки икки йилдан кейин немис Ливерпулни тарк этар, аммо ишонаманки, Юргенни “қизиллар” мухлислари ҳеч қачон унутмайди. У ҳар доим ўзининг табассуми билан эсланаверади.
Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.