"ПСЖ" ҳужумчиси Неймар Бразилия терма жамоасининг бугун бўлиб ўтган машғулотини муддатидан аввал тарк этди, деб хабар беради Mundo Deportivo.
Бразилия терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувига тайёргарликни давом эттирмоқда. Очиқ машғулот вақтида 30 ёшли Неймар ўнг оёғида оғриқ сезди ва жамоа машғулотларини давом эттира олмади.
Эртага, 2 июнь куни Сеулдаги "Жаҳон кубоги" стадионида Жанубий Корея ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув соат Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Неймар 2010 йилдан бери Бразилия терма жамоасига чақирилиб келади. Терма жамоа таркибида ҳужумчи Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинларининг футбол турнири ғолиби (2016) ва Конфедерациялар кубоги (2013) ғолиби ҳисобланади.