Бугун Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал учрашувлари доирасидан ўрин эггалаган «Андижон» ҳамда «Олмалиқ» клублари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди.
Баҳсга тўхталадиган бўлсак, жамоалар учрашувни анча хужумкор тарзда бошлашди. Дастлабки ҳавфли вазият «Олмалиқ» футболчилари томонидан амалга оширилди. 7-дақиқада Суҳроб Бердиев жарима тўпидан Лочин Долимов қўриқлаётган дарвозани «нишонга» олди. Бердиевнинг зарбаси сал бўлмаса ҳимоячиларга теккан ҳолда «Андижон» дарвозасидан ўрин эгаллаши мумкин эди.
13-дақиқада мезбонлар ўз ҳужумларини ривожлантиришди. Азиз Ғуломхўжаев тўпни жамоадоши Акмал Жўрабоевга етказиб берди. Жўрабоевнинг зарбаси бироз кучсизроқ кўриниш олди. Агар унинг йўллаган зарбаси кучлироқ бўлганида Тимур Ғаниевга қийин бўлиши муқарар эди.
Айтиш мумкинки, ўйин савияси бироз пастроқ бўлди. «Андижон»нинг ҳам, «Олмалиқ»нинг ҳам, ҳимоя чизиғида ҳаракат қилаётган футболчилари жуда яхши ҳаракат қилишди. Бундан ташқари об-ҳавонинг бироз иссиқ эканлиги ҳам, балки, футболчиларга бироз ноқулайлик туғдиргандир. Яна ким билади дейсиз...
Биринчи бўлимнинг 45-дақиқасида Икром Иброҳимов ўнг қанотдан ҳужумни ривожлантирди. Иброҳимов Алишер Тўхтасиновни тўп билан таъминлади. Бу ерда "Олмалиқ" ҳимоячилари "ухлаб" қолишганидан фойдаланган Тўхтасиновнинг дарвоза томон бош билан берган зарбаси эса Тимур Ғаниев қўриқлаётган дарвоза тўсинини «силаб» ўтди. Айнан мана шу вазият биринчи бўлимдаги энг сўнгги энг ҳавфли вазият бўлди. Жамоалар танаффусга 0-0 ҳисобида чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни Александр Аверьянов шогирдлари анча хужумкор тарзда бошлашди. Бу эса кўп ўтмай ўз самарасини берди. 47-дақиқада Алишер Тўхтасинов ҳимоя чизиғини ёриб ўтди ва Ғаниев қўриқлаётган дарвоза томон кучли зарба йўллади. Тўхтасиновнинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Қайтган тўп ноқулай равишда Рустам Аъзамовга келиб тушди. Унинг "қайчи" усулда берган зарбасини эса Темур Ғаниев ушлаб қола билмади, 1:0.
«Машъал» билан бўлган ўйин шарҳида ҳам айтиб ўтганимиздай, бугунги учрашувда ҳам «Андижон» футболчилари рақиб дарвозасини ишғол қилганликларидан сўнг, рақиб жарима майдончаси ичида жуда катта босимни уюштиришди.
61-дақиқада Акмал Жўраебоев, 63-дақиқада эса Лочин Солиев деярли очиқ қолган дарвозани ишғол қила олишмаган бўлишса, 66-дақиқада Алишер Тўхтасинов чап қанотдан «Олмалиқ» жарима майдончасига ёриб кириб, дарвозабон билан яккама-якка қолди. Тўпни дарвозабон оёқлари орасидан ўтказмоқчи бўлган Тўхтасиновнинг зарбасини Ғаниев қайтарди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Азиз Ғуломхўжаев ўнг қанотдан кириб бориб рақиб жарима майдонининг 11 метрлик нуқтасида турган Лочин Солиевга етказди. Бундан аввал қулай вазиятдан фойдалана олмаган Лочин бу сафар аниқ харакат қилиб тўпни дарвозага жойлаб қўйди, 2:0.
71-дақиқа, чап қанотдан Алишер Тўхтасинов ўз «рейди»ни амала оширди ва тўпни юқоридан «Олмалиқ» жарима майдончаси ичига етказиб берди. Лочин Солиев эса бош билан Ғаниев қўриқлаётган дарвозани яна бир бор ишғол қилди, 3:0! Шквирин ШОКДА!!
Биринчи бўлим ҳақида ёзаётган вақтимизда таърифлаган: савиясиз ўйин, об-ҳавонинг иссиқлиги энди бу ўйин шарҳига мос тушмаса керак! Лекин ёзиб бўлдик. Шарҳга мос тушмаса ҳам биринчи бўлим ҳақида ўқувчига тасаввур бера олса бас.
Рақиб дарвозасига учта тўпни жойлаб қўйган мезбонлар, ўйинни темпни анча бўшаштириб юборишди. Ёки бошқача айтганда хотиржамликка берилишди. Бундан фойдаланган Зоҳир Пиримов 79-дақиқада «Андижон» ҳимоячиларини алдаб ўтган ҳолда, ажойиб тарзда очилиб турган жамоадоши Санжар Шоаҳмедовга тўпни ошириб берди. Шоаҳмедов эса дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва бундан унумли фойдаланди, 3:1.
Учрашув 3:1 ҳисобда мезбонларнинг ғалабаси билан якунига етди.
Ўзбекистон Кубоги – 2012. 1/8 финал. дастлабки учрашув
Андижон. «Соғлом авлод» стадиони. 5000 томошабин
«АНДИЖОН» – «ОЛМАЛИҚ» 3:1.
Голлар: Рустам Аъзамов, 47, Лочин Солиев 66, 71 – Санжар Шоаҳмедов, 79.
Ҳакамлар: С.Зайлобиддинов (Фарғона), А.Ражаббоев (Наманган), Р.Ғопуров (Наманган), А.Раҳимов (Андижон).
«Андижон»: Лочин Долимов, Азиз Ғуломхўжаев, Мақсуд Ҳайитов, Иброҳим Отахонов (Акбар Хўжаев, 64), Алишер Тўхтасинов, Бахром Абдурахимов, Азиз Жўраев (Лочин Солиев, 46), Акмал Жўрабоев, Рустам Аъзамов(Бегзод Ғозиев, 73), Икром Иброхимов, Илдар Маматказин.
«Олмалиқ»: Темур Ғаниев, Бахром Юлдашев, Жахонгир Юсупжонов, Фаррух Нурлибоев, Миржалол Қурбонов (Азамат Исроилов, 75), Исроил Эргашев, Зохир Пиримов, Достон Абдурахмонов, Зафар Тўраев, Сухроб Бердиев (Санжар Шоаҳмедов, 53), Александр Востриков.
Огоҳлантириш: Санжар Шоаҳмедов, 77.
Назоратчи: В.Валицкий (Тошкент).
Абдумутал АБДУНАЗАР