Хабар бериб ўтганимиздек, бугун "Насаф" жамоаси ўз майдонида Ўзбекистон кубогининг нимчорак финали дастлабки учрашувида "Гулистон" жамоаси билан куч синашди.
“Насаф”чилар ўйинни ҳужумкорлик билан бошлашди ва 12-дақиқада Камоловнинг тўп узатишидан сўнг Мирҳолдиршоев дарвозабонни доғда қолдирди, 1:0! Ўйиннинг 17-дақиқасида Юнусов қанотдан жарима майдончасига кириб борди ва тўпни зарба беришга қулай турган Мусаевга узатди, Мусаев эса 20 метрлар чамасидан ажойиб зарба билан дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди, 2:0! Ўйиннинг 19-дақиқасида вақтни чўзишга ҳаракат қилган “Гулистон” футболчиси Ҳуршид Юлдашевга бош ҳакам сариқ карточка кўрсатди. 21-дақиқада ҳозирда “Гулистон”, “Насаф”нинг эса собиқ футболчиси Рустам Қодиров 30 метрлардан зарба берди, аммо ноаниқ. Кейин ўйиннинг 25-дақиқасида Илҳом Шомуродов яна чап қанотдан уч футболчини алдаб ўтиб рақиб жарима майдони томон кириб борди ва тўпни Мирҳолдиршоевга узатди. Шуҳрат эса бўш қолган дарвозага осонгина гол киритди. 34-дақиқада эса Мирзакамол Камолов дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб борди, аммо зарба ноаниқ.
56-дақиқада эса Шомуродов дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб борди-ю, негадир ўзи тўпни тепмай яққол офсайдда турган Юнусовга пас берди. 59-дақиқада қўпол ўйин учун “Гулистон” ярим ҳимоячиси Сарвар Жўраевга сариқ карточка кўрсатилди. 60-дақиқада Шомуродовда яна бир вазият бўлди, Илҳомнинг бош билан берган зарбаси тўсин устидан ўтиб кетди ҳамда айни шу дақиқада “Гулистон” таркибида ўзгариш бўлди. Рустам Қодиров ўрнига майдонга биринчи лига “қироли” Владимир Гаврилов майдонга тушди. Ўйиннинг 65-дақиқасида эса Роббим Ҳасанов чамаси 25 метрлардан Ҳасанов дарвозасини чиройли тарзда ишғол этди. Бундай олиб қараганда, иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида “Насаф” жуда бўшашиб кетди, жуда, жуда!!! Ўйиннинг 66-дақиқасида эса Камоловда вазият бўлди, аммо яна ва яна ноаниқ. 67-дақиқада Насаф таркибида иккинчи ўзгариш амалга оширилди, Носир Отақўзиев Илҳом Шомуродовни алмаштирди. Ўйиннинг 71-дақиқасида Боевнинг ўрнига Эргашев тушди. 77-дақиқада Фозил Мусаев ўрнига бухоролик Суҳроб Неъматов майдонга тушди. 78-дақиқада эса Шуҳрат Мирҳолдиршов 16 метрлардан ажойиб тарзда гол киритди, бу унинг хеттриги эди. 85-дақиқада янги ҳарид Суҳроб Неъматов деярли бўш қолган дарвозага тўп киритди. Бу унинг клубдаги дебют голи. Ўйин якунига етаётиб, яъни 89-дақиқада Носирбек Отақўзиев бош билан ажойиб тарзда тўп киритиб ҳисобни янада йириклаштирди. Шу билан Насаф кейинги босқич йўлланмасини деярли ҳал этиб бўлди.
24 май, пайшанба
«Насаф» (Қарши) – «Гулистон» (Гулистон) 6 : 1 (3:0)
Голлар: Мирҳолдиршоев 12, 25, 77 Мусаев 18, Неъматов 85, Отақўзиев 89
«Насаф»: 30.Ҳасанов Ғайратжон, 4.Каримов Мақсуд, 5.Қораев Ботир (22 Шоҳрух Гадоев 46), 7.Жаҳонгир Жиямуродов, 9.Шомуродов Илҳом (11 Носирбек Отақўзиев), 16.Юсупов Алишер, 18.Мусаев Фозил, 20.Бойдуллаев Эркин, 23.Камолов Мирзакамол, 27.Юнусов Илҳом, 33.Мирxолдиршоев Шухрат.
«Гулистон»: 1.Жуманов Илҳом, 2.Ҳасанбоев Жўрабек, 3.Саттаев Акбар, 4.Умаров Бахтиёр (17 Абдуқодиров Анвар), 7.Ҳасанов Роббим, 8.Жўраев Сарваржон, 9.Юлдашев Ҳуршид, 10.Қорақулов Зафаржон, 18.Акбаров Бобиржон, 19.Қодиров Рустам, 21.Боев Константин (20 Эргашев Алишер)
Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон), А.Маражабов (Андижон), У.Каримов (Андижон), Ш.Рўзиқулов (Қарши).
Назоратчи: Г.Имомов (Тошкент).