"Манчестер Сити" клуби "Интер" ҳимоячиси Милан Шкриньярга қизиқиш билдирмоқда, дея хабар беради Inter Live.
Манбага кўра, "шаҳарликлар" бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўз ҳимоясини кучайтирмоқчи, бироқ Шкриньярнинг 70-80 миллион евролик трансфер нархи инглиз клубини қўрқитмоқда. "Манчестер Сити" Шкриньяр эвазига украиналик ҳимоячи Александр Зинченко ва "Интер"га 30 миллион евро таклиф қилиши мумкин. Қайд этилишича, "Интер" Шкриньярни сақлаб қолмоқчи, аммо фойдали таклифни кўриб чиқишга тайёр.
Ҳимоячи 2017 йилда "Интер"га ўтганди. Ўтган мавсумда словакиялик футболчи барча мусобақаларда 47 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол муаллифига айланган. Шкриньярнинг "Интер" билан шартномаси кейинги мавсум охиригача амал қилади. Зинченко "Манчестер Сити"да 2016 йилдан буён ўйнаб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.