«Манчестер Юнайтед» бу ёзда жамоадаги айрим катта маош олувчи футболчиларидан қутилмоқда. «Capology» маълумотлар марказининг хабарида айтилишича, «қизил иблислар» раҳбарияти биргина 2021-2022 йилги мавсумда таркиб футболчиларининг иш ҳақи учун 215 миллион фунт-стерлинг сарфлаган. Қуйида жамоадан жуфтакни ростлаётган энг қиммат моаш эгалари ҳақида гаплашамиз.
Поль Погба – 15 миллион 80 минг фунт
Погба «МЮ»даги иккинчи даврида ҳафтасига 290 минг фунт олиш шарти билан ҳаракат қилаётганди. Ярим ҳимоячи жамоани тарк этди ва унинг кейинги манзили кўп эҳтимол, «Ювентус» бўлади. Погба клубда ҳар йили 15 миллион фунтдан ортиқ иш ҳақи олган. Агарда у яна бир йил «МЮ» билан қолганида, унинг 2016 йилдан бери олган иш ҳақи 90 миллиондан ошган бўларди. Франция терма жамоаси аъзоси, кетишидан олдин 3,75 миллион фунтга тенг бўлган «содиқлик бонуси»ни ҳам қўлга киритади.
Эдинсон Кавани – 13 миллион фунт
Уругвайлик футболчи 2020 йилнинг ёзида жамоага ташриф буюрганди. У клуб билан, дастлаб бир йиллик битим тузади ва ҳафтасига 200 минг фунт маош олиш борасида келишиб олади. Кавани 2021 йилда Жанубий Америкага йўл олмоқчи эди. Аммо ўз маошини 250 минг фунт қилиш эвазига яна бир мавсум «МЮ» билан қолган эди. Бироқ, клуб бу ишидан афсусланди. Негаки, сўнгги мавсумни Кавани жароҳатлар билан ўтказди ва бор-йўғи 20 та баҳсда иштирок этди.
Хуан Мата – 8 миллион 320 минг фунт
Мата 2014 йилда «Челси»дан 37 миллион фунт эвазига харид қилинган эди. Собиқ Испания терма жамоаси аъзоси мавсум давомида ҳафтасига 140 минг фунтдан маош олиб келди. Аммо атиги 2 та АПЛ баҳсида қатнашди, холос. У тез орада эркин агент сифатида Англиянинг бошқа бир клубига ёхуд МЛС жамоасига йўл олади. Ярим ҳимоячи ўзининг интервьюларидан бирида футболчилар ҳаддан ортиқ кўп моаш олишини тан олган эди.
Неманя Матич – 6 миллион 240 минг фунт
Матич 2017 йилда 40 миллион фунтга харид қилинган эди. Унинг трансфери бошида Жозе Моуриньо турган. Ярим ҳимоячи «МЮ»даги йилларининг аввалида асосий таркиб футболчиси эди. Бироқ, сўнгги пайтларда четга чиқиб қолди. Матич 2020 йилнинг ёзида «қизил иблислар» билан 2 йиллик янги шартнома тузганди. Ўша битим муддати тугамоқда ва у жамоадан кетишга тайёр. Матичдан қутилиш орқали «МЮ» йилига 6,24 миллион фунтни тежаб қолади.
Жесси Лингард – 3 миллион 900 минг фунт*
Жесси Лингард «МЮ» академиясига 2001 йилда олиб келинади. Ўшанда у 9 ёшгача бўлган жамоадан ўз фаолиятини бошлайди. Ҳужумкор футболчи 2014 йилда, Луи ван Гал даврида ўз дебютини ўтказади. 2016 йилги Англия кубоги финали ҳамда 2017 йилги лига кубоги финалида гол ургач, Лингардга 4 йиллик янги шартнома таклиф этилади. Унда ҳафтасига 75 минг фунтлик маош белгиланганди. «МЮ» 2021 йилнинг январида (Лингард «Вест Хэм»га кетишидан олдин) футболчи билан бир йиллик битим тузади. Ўша шартнома даври якунлангани туфайли Лингард ёзда жамоани эркин агент сифатида тарк этади.
ИСМАТОВ Ж.