Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Хоразм” футбол клуби сўровига кўра Урганчдаги “Олимпия” стадионидаги ҳолат билан танишди. Сизга маълумки, “Хоразм” бир неча йилдан буён уй учрашувларини сунъий майдонда қабул қилиб келаётганди. Айни вақтда вилоятнинг бош жамоаси иштирокидаги расмий учрашувларни асосий аренага кўчириш масаласи кун тартибида турибди.
“Олимпия” стадиони 2018-2019 йиллар давомида реконструкция қилинди ва бугунга келиб у катта футбол учрашувларини қабул қилишга деярли тайёр. Бу йўлда қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак бўлади.
1. Ҳакамлар хонасида Регламент асосида катта ойна, юмшоқ мебель, футбол майдони макети ҳамда музлатгич бўлиши талаб этилади.
2. Учрашув комиссари хонаси компьютер, принтер, телевизор ҳамда интернет билан жиҳозланиши лозим.
3. Жамоаларнинг кийим алмаштириш хонасига кондиционер, медицина кушеткаси, футбол майдони макети ҳамда ойна қўйилиши зарур.
4. Медицина хонаси биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур воситалар билан жиҳозланиши шарт.
5. Футболчилар ҳамда учрашув расмийларининг техник зона орқали стадионга чиқиш ҳудуди хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпиқ ҳолатда ҳимояланган бўлиши керак.
6. Техник зонадаги захира ўриндиқларини талаб этилган кўринишга келтириш лозим.
7. Захира ҳаками ҳамда тиббиёт ходимларининг техник зонадаги фаолияти учун зарур анжомлар олиб келиниши керак.
8. Тегишли регламент асосида майдон периметри реклама шитлари билан безатилиши лозим.
9. Мухлисларнинг стадионга кириш ва трибунага чиқиш майдони хавфсизлик нуқтаи назаридан техник зонадан ажратилиши шарт. Бу борада ЎзПФЛ клубга икки хил вариантга таклиф қилди.
Юқоридаги талаблар бажарилса, мухлислар, футболчилар, расмийлар учун яхши шароитлар яратилган, умуман олганда стадионда катта ҳажмдаги иш амалга оширилган. Шунга қарамай, майдон, майдонни суғориш ва ёритиш тизимларида айрим муаммолар мавжуд.
Футбол майдони масаласида хавотир бор. Мутахассислар майдоннинг турли қисмларини кесиб ўрганиб чиқди. Бу борада тегишли чоралар кўрилмаса, майдон бир мавсумдан кейин зарарланиши катта эҳтимол. ЎзПФЛ бу борада бошқа бир мутахассислар гуруҳини ҳам Урганчга олиб боради ва албатта уларнинг ҳам фикрини тинглайди (Қарши, Яйпан, Намангандаги стадионларда ишлаган мутахассислар). Айни ҳолатда эса майдон парвариши учун стадионга махсус техника жуда зарур. Биз бу борада барча клубларга тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Махсус техникасиз майдонни яхши ҳолатда ушлаб туриш имконсиз.
Шунингдек, майдонни суғориш тизимида ҳам камчиликлар мавжуд. Ўрнатилган спринклерлар майдонни талаб этилган ҳажмда қамраб ололмаяпти. Майдон яхши ҳолатда бўлиши учун автоматик суғориш тизимида баъзи ўзгаришларни амалга ошириш лозим. Бу борада ҳам бошқа мутахассислар фикри тингланади.
Прожекторлар масаласида ўрганиш ишлари кечки 21:00 дан кейин олиб борилди. Аниқланишича, майдон 980 люкс ёруғлик нури билан ёришмоқда. Горизонтал ҳолатда бу кўрсаткич 1200 люксни ташкил қилади. Прожекторларда созлаш ишлари қайта амалга оширилса, биз Про лига учрашувларини шом вақтидан кейин ўтказишимиз мумкин. “Хоразм” жамоаси Суперлига ва халқаро майдонга яқинлашгани сайин ёруғликни босқичма-босқич кўтариб бориши керак бўлади.
Стадион бўйича хулосалар мезбонларга тақдим этилган. Шу темпда ишлар давом этиб, талаб этилган масалалар қайта кўриб чиқилса, катта эҳтимол билан август ойидан бошлаб хоразмлик футбол мухлислари ҳам ажойиб майдонда футбол учрашувларини томоша қилишлари мумкин бўлади.