Айни пайтда Тошкентда Жаҳон Чемпионати 2014 саралаш ўйинларига тайёргарлик машғулотларини олиб бораётган Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз 3 июнь куни ЖАРда Эрон миллий термасига қарши гуруҳдаги учрашувида майдонга тушадилар. Учрашув арафасида "Локомотив" расмий сайти ходимлари клуб ҳимоячиси Ислом Иномов билан суҳбат қурди.
- Ислом ака, дастлаб туғилган кунингиз билан бутун Локомотив ПФК ва мухлислари номидан табриклаймиз.
- Раҳмат. Жудаям ҳурсанд бўлдим.
- Эрон билан ўйинга тайёргарлик қандай кечмоқда? Бугунги машғулотлар жараёнида шуни кўрдикки барчанинг кайфияти аъло даражада...
- Ҳа, тўғри айтасиз, йигитларнинг кўзида ўт чақнамоқда. Бу учрашув биз учун жудаям муҳим. Буни бутун жамоамиз балки бутун Ўзбек халқи ҳис этиб турибди. Ўзбекистон футбол федерацияси, мураббийлар штаби ва футболчилар биргаликда Жаҳон Чемпионати сари биргаликда ҳаракат қиляпмиз.
- Эрон билан учрашувдан олдин терма жамоамиз таркибида бир неча етакчи футболчиларимиз ўйнай олмайдилар. Бу ҳолат жамоамизнинг руҳиятига таъсир ўтказмайдими?
- Албатта, Эрон каби кучли терма жамоа билан учрашувдан олдин бундай йўқотишлар ўз таъсирини ўтказади, аммо биз терма жамоамиз, ушбу учрашувда ўйнай олмайдиган йигитларимиз учун, уларнинг ўрнини билдирмаслик учун бор имкониятимизни сафарбар этамиз. Барчамизнинг мақсадимиз бир! Куч бирликда деб бежизга гапиришмайдилар!
- Бўлажак рақибни ўрганиш қандай кечмоқда? Умуман имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
- Ҳар бир жамоанинг кучли ва кучсиз тарафлари бор. Шу жумладан Эроннинг ҳам. Бугун туш пайтида Албания ва Эрон ўртасидаги ўртоқлик учрашувини томоша қилдик ва керакли ҳулосаларни чиқаряпмиз. Барчаси тайёргарликка боғлиқ. Имкониятларимизни тенг дея олмайман. Биз уйда ўйнаяпмиз, кучли, иқтидорли футболчилар йиғилган терма жамоамизда. Мухлисларимизнинг кўмаги бизни янада олдига чорлайди. Мана бугун ҳам кўриб турганингиздек машғулотларимиз жараёнида ҳам мухлисларимиз бизни ҳар тарафлама қўллаб қувватламоқдалар.
- Терма жамоа мавзусидан чиқиб энди "Локомотив" ҳақида гаплашсак. Жамоа сўнгги учрашувларда дуранг натижаларни қайд этди. Кучли клубларимизга қарши муносиб қаршилик кўрсатди. Жамоага ғалаба руҳи етишмаяптими ёки бошқа сабаблар борми?
- Сўнги учрашувларимизда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Бизга омад етишмаяпти. Кўплаб ҳужумлар уюштиряпмиз бутун ўйин давомида, аммо, тўп дарвозадан жой олмаяпти. Жамоамизда кўплаб иқтидорли ва ёш футболчилар кўп. Бир бирини тушуниб олиш учун озгина вақт керак бўлади. Ўйлайманки икки даврадан бошлаб жамоамиз бошқача футбол намойиш этади. Бизнинг олдимизга қўйилган вазифа бор ва мақсад йўлида ҳаракат қиламиз. Бизда барча имконият ва шароитлар мавжуд.