Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳужумчи Камолиддин Мурзоевни ҳам терма жамоа йиғинларига жалб этди, бироқ «Бунёдкор» ҳужумчиси Эрон терма жамоасига қарши бўладиган ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич учрашувида майдонга туша олмайди.
Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар Лигасининг баҳорги баҳсларини муваффақиятли якунлаганидан сўнг, терма жамоага таклиф этилган клуб футболчилари — дарвозабонлар Игнатий Нестеров ва Акбар Тўраев, ҳимоячи Артём Филипосян, яримҳимоячи Лутфулла Тўраев ҳамда ҳужумчи Камолиддин Мурзоев миллий терма жамоа машғулотларига қўшилди.
Абрамов томонидан эълон қилинган дастлабки рўйхатда дарвозабон Акбар Тўраев ҳамда ҳужумчи Камолиддин Мурзоев йўқ эди. Тўраев келганидан сўнг миллий терма жамоа йиғинларида иштирок этаётган дарвозабонлар сони тўрттага етди. Бунгача терма жамоа сафида «Насаф» дарвозабони Мурод Зуҳуров ҳамда «Бухоро» посбони Сардор Қобулжонов шуғулланишаётган эди.
«Бунёдкор» сафидаги сўнгги учрашувларда ўзини яхши томондан кўрсата олган Камолиддин Мурзоевнинг ишончли ҳаракатлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Терма жамоадан сўнгги лаҳзада таклиф олганига қарамай, Мурзоев худди Акбар Тўраев каби, Эрон терма жамоасига қарши ўйинда иштирок эта олмайди: ушбу икки футболчини форсларга қарши майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатига киритишга кеч қолинган.
Шундай қилиб, «Бунёдкор» футболчилари ҳам келиб қўшилганидан сўнг, терма жамоа таркиби тўлиқ кўриниш олди. Йиғинга аввалроқ келиб қўшилган «Днепр» ҳимоячиси Виталий Денисовнинг ҳолати кутилганидан кўра тезроқ яхшиланмоқда ва унинг Эронга қарши бўладиган ўйинда иштирок этиш эҳтимоли катта.