Душанбенинг ЦСКА клуби бош мураббийи Амин Субҳоний ОФК кубоги гуруҳ босқичи 2-тури доирасида бўлиб ўтадиган «Сўғдиёна»га қарши бўладиган ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди. Шунингдек, клуб ҳимоячиси Сергей Доронин ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Амин Субҳоний: «Сўғдиёна» –Ўзбекистон чемпионатининг кучли жамоаларидан бири ва айни пайтда Суперлига жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Биз бу жамоанинг "Нефтчи"га қарши баҳсини диққат билан таҳлил қилдик. Бу жамоага қарши яхши ўйин кўрсатишга тайёрмиз. ЦСКАда жамоавий руҳ бор. Биз ёш жамоамиз, аммо рақибларимиз учун кучли клубга айланишимиз мумкин. Мухлислар биздан эртанги ўйинда ғалаба кутишмоқда. Уларни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Биринчи ўйинда бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Кейинги ўйинларда ҳам уларни стадионга таклиф қиламан. Шунда футболчиларимиз қўллаб-қувватлашни ҳис қилиб, ўзларидаги ишонч юқори бўлади».
Сергей Доронин: «Биз ижобий натижа учун ҳаракат қиламиз. Ушбу мусобақа ҳар бир футболчи учун муҳим аҳамиятга эга. Эртанги ўйинга жиддий ёндошиб, муваффақиятга эришишга умид қиляпмиз. Биринчи учаршувда бизни қўллаб-қувватлаб турганларнинг барчасига миннатдорчилик билдираман. Биз сизларни кўрдик, эшитдик ва ҳис этдик. «Сўғдиёна»га қарши ўйинда ҳам барчани стадионда кутиб қоламиз. Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз бизга зарур. Биз сиз учун ўйнаймиз».