Кириш Регистрация
15/04 00:00 Реал Сосьедад 2-2 Альмерия
15/04 18:00 Австралия 0-0 Иордания
15/04 20:30 Қатар 2-0 Индонезия
15/04 21:30 Фиорентина - Женоа
15/04 23:45 Аталанта - Верона
16/04 00:00 Челси 6-0 Эвертон
16/04 00:00 Осасуна 0-1 Валенсия
16/04 18:00 Япония 1-0 Хитой
16/04 20:30 Жанубий Корея - БАА
16/04 20:30 Ироқ - Таиланд
16/04 23:00 Саудия Арабистони - Тожикистон
17/04 00:00 Боруссия Д - Атлетико
17/04 00:00 Барселона - ПСЖ
17/04 18:00 Ўзбекистон - Малайзия
17/04 20:30 Вьетнам - Кувайт
18/04 00:00 Бавария - Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити - Реал Мадрид

АПЛ. Мавсум-2021/2022 якунлари

Баҳо:
+ | -

АПЛ-2021|2022 сўнгги турнинг сўнгги дақиқаларига қадар барчани мислсиз интригаси билан ҳаяжонда ушлаб турди.

Бинобарин, турнир жадвалининг барча бўғинларида кураш давом этди - чемпионлик, еврокубоклар йўлланмалари ва лигалараро алмашув масалалари охирги тур натижаларига боғлиқ бўлиб қолганди. Қисқаси, бу қадар қизиқарли тортишув анчадан буён кузатилмаётганди. Чемпионлик унвони учун «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасида кечган спектаклнамо курашнинг ўзи бир олам.


Мавсум тўпурарлари - Муҳаммад Салоҳ ва Сон Хюн Мин. «Ливерпуль» вингери 23та гол уриб, фаолиятидаги 2-юқори кўрсаткични қайд этди. Мисрлик футболчи 2017|2018 йиллар мавсумида, «қизиллар» сафидаги дебютини 32та гол билан безаганди. Албатта, «Ливерпул»нинг ички 2та кубок турнирида ғалаба қозониши, ЧЛда финалга чиқиши ва АПЛда «Сити»ни сўнгги тургача таъқиб этганида Салоҳ урган голлар аҳамияти катта. Жанубий Корея миллий жамоаси етакчиси Сон Хюн Минга келсак, у Салоҳдан фарқли ўлароқ, 23та голини ҳам ўйин ҳолатидан урди (мисрлик ҳужумчининг 5та голи - пенальти маҳсули). Асосийси, корейс йигити «Тоттенхэм» бош тўпурари мақомини кимсан Гарри Кейн­дан тортиб олиш асносида Осиё футболи обрўсини кўтарди. Сон Хюн Миннинг аъло даражадаги спорт формаси «тақачилар»га роса қўл келиб, улар якунда ЧЛ йўлланмасини қўлга киритишди. Тўғри, бу муваффақиятда жамоа кайфиятини ўзгартирган бош мураббий Антонио Контенинг улуши ҳам катта.


Мавсум ассистенти - Муҳаммад Салоҳ. Мисрлик вингер 13та самарали узатмани амалга ошириб, клубдоши Трент Александер-Арнольд (12та)ни ортда қолдирди. Харви Барнс («Лестер»), Жаррод Боуэн («Вест Хэм»), Эндрю Роберт­сон («Ливерпуль») ва Мэйсон Маунт («Челси») эса 10тадан голга ассистентлик қилишди. Айт­ганча, 13та самарали узатма Салоҳ учун шахсий рекордининг такрорланиши - у «Рома»да ҳам бир мавсумда 13та гол ҳаммуаллифи бўлганди.


«Гол+пас» тизими бўйича энг яхши футболчи - Муҳаммад Салоҳ. Табиийки, яна мисрлик футболчи. 36та голда бевосита иштирок этган «Ливерпуль» вакили  бу борада ҳам Сон Хюн Минни ортда қолдирди (кореялик вингер 30 очко тўплади - 23та гол ва 7та самарали узатма). «Тоттенхэм» сардори Гарри Кейннинг натижаси ҳам чакки эмас: 26 очко (17та гол ва 9та узатма). Кўриниб турибдики, Салоҳнинг «қизиллар» ўйинида тутган ўрни беқиёс. Унинг амалдаги шартномаси кейинги йили ниҳоясига етади. Давоми нима бўлади? Ҳозирча аниқ эмас.


Мавсумнинг энг яхши дарвозабонлари - Алиссон ва Эдерсон. Бразилиялик ҳар икки кипер чемпионат дои­расидаги 20тадан ўйинда гол қўйиб юбормади. Шунга мувофиқ, «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» жадвалнинг энг юқори қисмидан жой олди. Шундай экан, энг яхши дарвозабонга аталган сов­ринни бразилияликлар дуэтига бериш адолатдан. Тўғри, Алиссон 24та гол қўйиб юборган бўлса, Эдерсон 26 марта ожиз қолди. Шунингдек, Уго Льориснинг натижаси ҳам эътиборга лойиқ. «Тоттенхэм» кипери 16та ўйинни «қуруқ» якунлаб, жамоасининг кучли тўртликка киришида жонбозлик кўрсатди.


Мавсум шиддати - «Ньюкасл». Диққат қилинг, ноябрь ойида 19-ўринда турган жамоа якунда 12-поғонани банд этди. Ўша вақт «қарғалар» 11та ўйинда атиги 5 очко олишганди. Яъни клуб янги соҳиблар ва етарли сармояга эга бўлганига қарамай, вазият ўта мураккаб эди. Бош мураббий лавозимига Эдди Хауни таклиф этилгани якунда самара берди. Тўғри, аввалига иш осон кечмади, муҳими, Эдди вақт ўтиши билан «ҳаккалар»ни тўғри парвозга йўналтира олди. Кўринишидан, «Ньюкасл» учун инқироз даври орт­да қолгандек.


Мавсум омадсизи - «Арсенал». Аслида бу номинацияда «МЮ» «ғолиб» чиқиши керак эди, лекин «қизил иблислар» бутун мавсум давомида суст ўйнашди. «Арсенал» эса ўта муваффақиятсиз стартдан кейин аста-секин ўзини ўнглади, ишончли тарзда турнир жадвали ўрталарига кўтарилди. Кейинчалик жамоа ЧЛнинг 4-йўлланмасини ютиш пайига тушди ва мақсадга жуда-жуда яқин келди. Бироқ ҳал қилувчи босқичда муҳим очколарни бой бериб, азалий рақиби «Тоттенхэм»ни олдинга ўтказиб юборди. Микель Артетанинг навқирон, рисоладагидек савияга эга жамоа шакллантиргани яққол сезилди. Лекин ЕЛ - «канонирлар» кўзлаган марра эмас.


Мавсум қайтиши - Криштиану Роналду. Ортда қолган мавсумнинг асосий воқеа­ликларидан бири сифатида Роналдунинг яна «МЮ» либосида кўриниш берганини айтиш мумкин. Португалиялик юлдуз собиқ клубида тўп суриш учун «Ювентус»дан воз кечди. Унинг «Олд Траффорд»да қайта пайдо бўлгани қай даражада мақсадга тўғри келгани хусусидаги мунозара ҳанузгача тўхтагани йўқ. Бироқ статистика бу уриниш самара берганини тасдиқлайди - Роналду АПЛ доирасидаги баҳсларда 18та гол уриб, 3-яхши снайпер бўлди. 37 ёшли фахрий учун ажойиб маҳсулдорлик. Афсонанинг келажаги ҳамон нотайин. ЕЛ унинг учун қизиқарли мусобақа бўлишига ишонч йўқ. Лекин бошқа томондан, Эрик тен Хагнинг бош мураббийликка тайинланиши клуб кайфиятини кўтариб юборди. Нидерландиялик мутахассис эса Роналду кўмагидан умидвор. Эҳтимол, ўзаро ҳамкорлик ижобий силжишни таъминлар ҳали.

АПЛ-2021|2022нинг асосий якунлари

Чемпион: «Манчестер Сити»

ЧЛ йўлланмалари соҳиблари: «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Челси», «Тоттенхэм»

ЕЛ йўлланмалари соҳиблари: «Арсенал», «МЮ»

КЛ йўлланмаси соҳиби: «Вест Хэм»

Чемпионшипга тушиб кетганлар: «Бернли», «Уотфорд», «Норвич»

АПЛга кўтарилганлар: «Фулхэм», «Борнмут», «Ноттингем Форест»

 

С.Раҳмонов тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 16:15, 26.06.2022.
Ўқилди: 3093 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.