Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Виталий Левченко: «Юрий Саркисянни «Нефтчи» ўйинларидан бирига таклиф этиб, қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман»

Баҳо:
+ | -

Маълумки, "Нефтчи"ни оғир аҳволдан чиқариб, илгариги шаҳдам қадамларини тиклаш мақсадида жамоа раҳбарияти янгиланди. Тожикистон футболида масъул вазифаларда ишлаб, жамоатчилик орасида иззат-ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган Виталий Левченко "Нефтчи" жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди. Биз унга қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

— Сиз ўзбек футболи ва "Нефтчи" клуби ҳақида қандай тасаввурга эгасиз?
— Ўзбекистонда футбол яхши ривожланмоқда. Барча жамоалар ўз имкониятига қараб яхши шаклланган. Шу боис, натижалар қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин. Ўзбек футболчилари ўз мамлакатидагина эмас, балки Осиё давлатларида ҳам ўз имкониятларини намойиш этиб келмоқдалар. "Нефтчи" жамоасида малакали ўйинчилар етарли. Лекин, бунинг амалий натижаси сезилмаяпти. Мураббийлар штаби ана шу масалалар билан жиддий шуғулланиши керак. "Нефтчи" бой тарих ва анъаналарга эга. Биз ҳаммамиз ҳамкорликда ана шу анъана ва обрўни тиклашимиз лозим. Клуб тарихида ўзбек футболи афсоналаридан бири Юрий Вазгенович Саркисяннинг алоҳида ўрни бор. Мен уни жамоанинг Фарғонадаги учрашувларидан бирига таклиф этиб, қилган самарали меҳнатлари учун чин юракдан миннатдорчилик билдириб, яхшиликка-яхшилик билан эъзозлаш ташаббуси билан чиқмоқчиман.

— Сиз келгунингизга қадар жамоа чемпионатнинг биринчи даврасини 13-ўринда якунлади. Ана шу оғир аҳволдан чиқиш йўли нимадан иборат деб ўйлайсиз?
— Бизда иккинчи даврага тайёргарлик режаси мавжуд. Биз бу режаларни тўла амалга ошириш учун жиддий масъулият билан иш олиб боришимиз керак.

— Сиз жамоанинг миллий чемпионатдаги беллашувларига назар ташлаганмисиз?
— Менда жамоамиз ҳақида айрим ахборотлар бор. Лекин, эндиликда нима иш билан шуғулланиш ва қайси позицияни кучайтириш лозимлиги ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур.

— Айни пайтда клубда 3 нафар легионер бор. Жамоани кучайтириш учун уларни 5 нафарга етказиш керак. Сиз бу ҳақда ўйлаб кўрдингизми?
— Биз бу масалани чуқур ўйлаб ҳал қиламиз. Чунки, жамоани тубдан яхшилаш учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган малакали футболчилар керак.

— Ўзбек клубларида фаоллик кўрсатиб, ўйнаётган тожикистонлик йигитлар кўп. Улар орасида Акмал Холматов, Раҳматулла Фузайлов, Эҳсони Пайшанбе бор. Сиз янги мураббий сифатида жамоага Тожикистон футболчиларидан таклиф этиш ниятингиз борми.
— Қўлида Тожикистон паспорти бўлган футболчини жамоага таклиф этишда ҳеч қандай мантиқ йуқ. Бизга олдимиздаги вазифани яхши тушунадиган ва майдонда масъулиятни чуқур ҳис этиб, ҳаракат қиладиган маҳоратли футболчилар керак. Улар маҳаллий шароитни ва миллий анъаналарни яхши билишлари ва доимо юксак марраларга интилишлари керак.

— Мураббийлар штабини шакллантириш учун ўзингиз билан ишлаган ёки сиз яхши биладиган мутахассисларни таклиф этасизми?
— Ҳа, дейишим мумкин. Бу борада жалб этилган мутахассислар талаб ва масъулиятни юракдан ҳис этиб, юксак марраларни эгаллаш учун бутун вужуди билан олдинга интилиши керак. Бизнинг ҳаракатимиз швейцария соати каби аниқ ва бехато бўлиши керак.

— Жамоа иккинчи давра учрашувларига тайёргарликни қачон бошлайди?
— Белгиланган режа асосида 7 июль куни иш бошлаймиз.

— Клуб мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Фарғона футбол ишқибозлари ўз жамоаларига меҳр ва садоқатларини азал-азалдан намойиш этиб келмоқдалар. Уларнинг жамоамизга ҳурмат ва эҳтироми "Нефтчи"  юксак чўққиларига кўтарилган йилларда жуда баланд эди. Биз ўша эҳтиросларни қайтариш учун "Нефтчи"нинг азалий ғолибона юришларини тиклашимиз ва ўзбек футболида ўз ўрнимиз ва мавқеимизга эга бўлишимиз керак. Шунга интиламиз.

— Яқинда ишга келган сербиялик мутахассис Милан Чирич ҳақида нима дея оласиз?
— У янгиланган мураббийлар штабида биз билан бирга ишлайди.

"Нефтчи" матбуот хизмати

Манба: https://t.me/pfcneftchi_uz
Киритилди: 21:17, 03.07.2022.
Ўқилди: 2331 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.