Ўзбекистон XXXI миллий чемпионат давралар оралиғидаги танаффус қисқариб, ҳал қилувчи иккинчи давра бошланишига ҳам саноқли кунлар қолаяпти. Биринчи даврадан кейинги таътил ҳамда Қурбон ҳайити байрамини оиласи даврасида ўтказган Бекободнинг “Металлург” жамоаси аъзолари ўқув-машғулот масканларида жамланишди ва иккинчи давра тадоригига киришди. Машғулотлар ҳар куни икки маҳалдан ташкил этиляпти. Куннинг биринчи ярмида мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини тиклаш машқларига эътибор қаратишаётган бўлишса, куннинг иккинчи ярмида эса тўп билан ишлаш, ўйин амалиётини шакллантиришга урғу қаратиляпти. Машғулотлар тренажер зали ҳамда “Металлург” стадионида олиб борилаяпти.
Иккинчи давра бошланиши арафасида “Металлург” мураббийлар штабида жузъий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан оилавий шароитига кўра жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Альберто Баррикаль клуб билан икки ёқлама шартномани бекор қилди. Шунингдек, жамоа таҳлилчи мураббий Артем Петросян билан хайрлашди.
“Металлург” машғулотига давралар оралиғида жамоа билан шартнома имзолаган Анваржон Ғофуров қўшилди. Ёзги трансфер ойнасидан фойдаланган ҳолда клуб таркибнинг бошқа чизиқларини ҳам кучайтиришга эътибор қаратади.