Кеча, 17 июль санасида «Нефтчи» навбатдаги ўртоқлик ўйинида майдонга тушганлиги ҳақида хабар берган эдик. Учрашув якунидан сўнг клуб асосий дарвозабони Акбар Тўраев жамоа матбуот хизматига интервью берди.
— Акбаржон, янги мураббий қўл остида таассуротлар қандай?
— Кунига икки маҳал машғулот ўтказилмоқда, кайфиятлар яхши. Янги бош мураббий жисмоний ҳолатларга урғу берган ҳолда янги тактик қўлланмалар билан футболчиларни машғулотларда синамоқда.
— Жамоамизнинг дарвозабонлар мураббийи Фаррух Бердиев ҳақида фикрларингиз?
— 10 кун давомида ишлаб келмоқдамиз, таассуротлар жуда яхши, ўзининг ишига профессионал ёндашмоқда, машғулотлар аъло даражада кетмоқда.
— Назорат учрашувларида ҳар икки ўйинда ҳам дарвозамиздан биринчи бўлиб гол ўтказиб юбордик. Бунга сабаб нима бўлиши мумкин?
— Назорат ўртоқлик ўйинлари шу учун ҳам керак деб ҳисоблайман. Шу орқали мураббийлар ҳимоя чизиғидаги хатоларни ўрганишади, лекин умумий футболда жамоага урилган голда кўпроқ дарвозабон айбдор ҳисобланади, чунки ҳимоячига дарвоза яқинида хавф борлиги ёки қаердадир рақиб футболчиси борлиги ҳақида огоҳлатирмагани сабаб бўлиши мумкин.
— Иккинчи даврага мухлислар жамоадан ижобий натижалар кутишяпти.
— Албатта, мухлислар стадионга келиб бизга далда бериб туришса, нима бўлган тақдирда ҳам фақат олдинга чорлаб туришса, футболчилар бор кучини ишга солиб, уларни қувонтиришига ваъда берамиз. Ҳозирги эгаллаб турган ўрнимиз «Нефтчи»га умуман ярашмайди, бу учун иккинчи давра ўйинларига яхлит таркиб тузилмоқда. Биринчи даврадаги хатоларга иккинчи даврада йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, «Истиқлол» стадионига қайтаётганимиз бизга катта мотивация беради. Айтишадику «Уйда деворлар ҳам ёрдам беради» деб. Биринчи даврада йиға олмаган очколаримизни иккинчи даврада йиғишга ҳаракат қиламиз, қисқа қилиб айтганда, жўжани кузда санаймиз.
«Нефтчи» ПФК матбуот хизмати