Минск йиғини тўғрида жамоамиз сардори Давронжон Эргашевнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Минск шаҳрига етиб келганимизга ва машғулотларни бошлаганимизга бир ҳафта бўлди. Ҳар куни икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Эрталаб футболчиларга жисмоний юкламалар берилаётган бўлса, кечки машғулотда асосан тўп билан ишлаб, техник-тактик тайёргарликка эътибор қаратилмоқда. Йиғин доирасидаги илк назорат ўйинимиз Беларуснинг етакчи жамоаларидан бири «Энергетик БГУ»га қарши ўтказилди. Мураббийларимиз мазкур ўйинда йиғинда қатнашаётган барча футболчиларга имконият берди. Чунки Суперлиганинг биринчи даврасидаги сўнгги ўйиндан кейин назорат баҳсида ҳам майдонга тушмагандик. Таркибдаги барча ўйинчиларнинг ҳолатини билиш учун «Энергетик БГУ»га қарши баҳс керакли эди. Гарчи йиғин вақтида икки маҳал машғулот ўтказаётган бўлсакда, ўртоқлик ўйинида барча жамоадошларим борини бериб ҳаракат қилди. Сардор сифатида шахсан менга майдонга тушган барча ўйинчиларнинг ҳаракатлари маъқул келди.
- Агар имконият бўлса нафақат қишги, балки ёзги йиғинни ҳам хорижда ўтказишнинг фойдали томонлари жуда кўп. Оддий мисол, Минск йиғин учун жуда қулай шаҳар. Айниқа, об-ҳавоси билан. Қолаверса, Беларус УЕФАга аъзо ҳисобланади. Клублари Европа мусобақаларида иштирок этади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бундай рақиблар билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш ҳар қандай жамоа учун фақат ва фақат фойдали бўлади.
- Мухлисларга нима дейишим мумкин? «Бунёдкор»нинг содиқ ва қадрдон ишқибозларига бир нарсани айта оламан, мавсумнинг иккинчи қисмини биринчисига нисбатан яхшироқ ўтказишга, Чемпионлар лигаси учун бериладиган йўлланларнинг бирига эга чиқишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун биз футболчилар қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз!
- Сардор сифатида бизга шундай йиғинни ташкиллаштириб бергани учун клуб раҳбариятига жамоадошларим номидан миннатдорчилик билдирамиз. Биз бундай эътиборга натижаларимиз орқали муносиб тарзда жавоб берамиз! - дейилади "Бунёдкор" клуби расмий сайтида.