Давралар оралиғида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш, футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини сақлаб туриш, шунингдек, таркибга янги қўшилган ўйинчиларни синовдан ўтказиш мақсадида, бугун “Навбаҳор” Тожикистоннинг 10 карра ва амалдаги чемпиони, жорий йилги Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ)нинг гуруҳ баҳсларини муваффақиятли тарзда ўтказиб, мазкур мусобақанинг нимчорак финалига йўл олган, Душанбенинг “Истиқлол” жамоасига қарши назорат-синов баҳси ўтказди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” стадиони, 8 мингдан зиёд мухлис кўз ўнгида бўлиб ўтган ушбу ўйин тенг курашлар остида кечди.
Душанбеликлар “лочинлар”га муносиб қаршилик кўрсата олишди.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 27-дақиқасида Жамшид Искандеровнинг чап қанотдан жарима майдончаси ичига оширган тўпини жамоамизнинг янги аъзоси Диёржон Туропов дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди – 1:0.
Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, душанбеликларнинг қарши ҳужуми вақтида “лочинлар” дарвозабони Ўткир Юсупов рақиб футболчиси билан яккама – якка вазиятда унга нисбатан қўполлик ишлатишга мажбур бўлди.
Натижада учрашув бош ҳаками Иброҳим Исмоилов жамоамиз дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини “Истиқлол” сардори Манучеҳр Жалилов аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Натижада жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетди.
Учрашувнинг 2-бўлимида "лочинлар"нинг грузиялик ярим ҳимоячиси Элгужа Григалашвили, шунингдек, сербиялик ҳимоячи Боян Цигернинг дарвозага бош билан йўналтирган ҳамда Жамшид Болтабоевнинг зарбаларига аниқлик етишмади.
Меҳмонларнинг қарши ҳужумларидан бирида наманганликлар посбони Ўткир Юсупов хавфни бартараф этган бўлса, яна бир – икки вазиятда рақиб футболчиларининг зарбалари ноаниқ кўриниш олди.
Натижада ўйинда жанговар дуранг – 1:1 ҳисоби қайд этилди.
“Навбаҳор” – “Истиқлол” – 1:1 (1:1)
Голлар: Диёржон Туропов (27) - Манучеҳр Жалилов (29-пен.).
Наманган. “Марказий” стадиони. 8515 томошабин.
Ҳакамлар: Иброҳим Исмоилов, Исломжон Носиров, Бобуржон Ибрагимов, Музаффар Маматханов.