ТАРИХДА ҚОЛГУВЧИ "ЛЯ РОХА"
Қизиқ, аммо Еврода қатнашувчи жамоалар ҳақидаги энг қизиқ материаллар АҚШ матбуотида чиқди. Яна бир қизиқ томони шундаки, бу материал бирор-бир спорт нашрида эмас, балки машҳур ижтимоий-сиёсий йўналишдаги The Wall Street Journalда чоп этилди.
Газета бирданига “гапнинг дангалига” ўтиб қўя қолди: мабодо Испания мазкур Европа чемпионатида ғалаба қозонса, нафақат футбол, балки умуман спорт тарихидаги энг буюк жамоа ҳисобланаркан (клубларни ҳам инобатга олганда). Бутун бир саҳифани эгаллаган мақола шу фикрни исботлашга қаратилган.
"Хеч бир жамоа кетма-кет Европа чемпиони бўлмаган, ундан ташқари, уларнинг орасида мундиальда ғалаба қозонолмаган.— эслатиб ўтмоқда газета. – Ҳодисаларнинг бундай ривожи тарихий аҳамиятга эга бўлиши тайин".
ESPNнинг тажрибали таҳлилчиси Боб Лейнинг фикрича, спортни тушунган ҳар бир одам Испания терма жамоасининг буюклигини англаб етиши шарт. Америкаликларнинг аксарияти футболни унчалик яхши тушунишмагани сабабли шу каби эслатмалар даркорлигини эътироф этмасак бўлмайди.
Боб Лей ўз фикрларини давом эттириб, шуни таъкидлаб ўтдики, АҚШнинг хеч бир спорт жамоаси испанлар эришганчалик ютуғларга эришолмаган. 90-йилларда НБА да Майкл Джорданнинг "Чикаго Буллз" баскетбол командасининг даври бўлди, 50-йиллар бейсболида – Микки Мэнтлнинг"Нью-Йорк Янкиз" жамоаси гуркираб ривожланди. "Шу ўйинчиларни олиб ташланг, ва жамоа ўз-ўзидан хеч нимага қодир бўлмай қолади, – дейди Лей. –Испания бўлса энг яхши бомбардири ва етакчи химоячисидан айрилган бўлса-да, фаворитлар қаторидан жилмаяпти".
Хотима ўрнида яна бир қизиқ маълумот: Wall Street Journal нинг " Испания тарихдаги энг зўр жамоами?" деган саволига муштарийларнинг 58,3% қисми “Ҳа”, дея жавоб беришган. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, АҚШни футбол мамлакати деб аташ қийин...
ИТАЛИЯ ҲАММАСИНИ БАРБОД ҚИЛИШИ МУМКИН ЭДИ…
Испан футболчиларининг Marca газетасига берган шарҳларига қараганда, улар ҳозиргача ўтмишни эслаб яшаб келмоқдалар. Испания терма жамоасининг етакчилари ҳали-ҳануз ўтган Европа чемпионатидаги Италия билан бўлиб ўтган чорак-финал баҳсини ҳаяжон хотирлашади.
"Италияликлар билан бўлган ўйин жамоамиз учун муҳим “бурилиш” бўлган эди, — эслаяпти "Барселона" яримхимоячиси Андрес Иньеста. – Шундан кейин ўзимизга бўлган ишончимиз ошди, ва турнирда ғалаба қозондик. Биз ҳар тарафлама кучга кирдик ва натижада жаҳон чемпиони ҳам бўлдик".
Икер Касильяс ҳам деярли шу сўзларни айтган. "Биз ўшанда гуруҳ бахсларидан осонликча ўтдик, уч ўйиннинг учтасида ҳам ғалаба қозондик, – хотраларини ўртоқлашди дарвозабон. – Аммо Италия билан бўлган ўйин ҳақиқий синов бўлиб чиқди. 120 соат ўйин ва пенальтилар серияси… Агар ўшанда италияликларни енголмаганимзда, Евродаги ғалабага ҳам эришолмасдик, мундиальда ҳам бундай натижа кўрсатолмаган бўлардик, тахминимча".
КАТЕНАЧЧО ҲАҚИДА УНУТИШДИ
Италия терма жамоаси бош мураббийи Чезаре Пранделли Евродаги биринчи рақибини роста мақтади, аммо ўзининг йигитларини ҳам унутиб қўйгани йўқ.
"Испания – хужумкор жамоа, – деб айтиб ўтди у Gazzetta dello sport нашрига берган интервьюсида. – У ҳар қандай жамоага шу тактика билан ўйнайди, тезкор хужумлар билан енгади. Аммо биз ҳам ўзгардик. Энди Италия футболи испанларга ҳам қарши чиқа олади".
Пранделли нима демоқчи бўлганини тушуниб бўлмади, лекин Хави берган интервьюдан кейин вазият анча равшанлашди. "Испаниянинг каталониялик режиссери" деган ном олган футболчи Италия футболини анчагина яхши тушунар экан, чоғи.
"Италия термаси учун "катеначчо" тактикаси аллақачон ўтмишда қолди, – деди Хави. – Италияликлар ўйин схемасини анчагина ўзгартииршди. Энди улар тўпни кўпроқ ўзларида ушлаб туришга ҳаракат қилишаяпти. Яримхимояда ўйинчилар сонини ошириб, майдонда кўпроқ фаоллик кўрсатишмоқчи – бу аввалги йиллар катеначчосига хеч ҳам ўхшамайди".