Сўнгги пайтларда Вадим Абрамов номи барчанинг тилидан тушмай қолди. Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларининг собиқ мураббий кўрсатган натижаларни мухлислар анчагача унитишмайди.
Ҳозирда Абрамов футболдан бироз чарчаган ҳамда ўзига қисқа танаффус эълон қилган бўлиши мумкин. Кўпчилик Вадим Карленович термадан кетса "Локомотив"ни бошқаради, деб ўйлаётган эди. Лекин воқеалар ривожи бундай кўриниш олмаяпти. Биринчи даврадан сўнг "Локо"ни Валерий Непомняший бошқариши кутилмоқда.
Биласиз, бундан бир неча йил муқаддам Вадим Абрамов "Навбаҳор" билан ўзаро алоқани йўлга қўйиб, сал қолганда жамоани қўлга олиши ҳам мумкин эди. Аммо сўнгги лаҳзада Карленович "Навбаҳор"га Рустам Абдуллаевни қолдириб кетди. Ўз навбатида ўша кезларда жамоа таркибида Абрамовнинг Азиз Ашуров, Баҳром Йўлдошев, Жаводулла Ибрагимов, Карлен Абрамов (марҳум), Павел Соломин сингари "шогирдлари" тўп сурар эди.
Ҳозирда "Навбаҳор"ни бошқараётган Александр Клименконинг кўрсатаётган кароматлари ҳеч бир мухлисни қувонтираётгани йўқ. Ўша "Бунёдкор"ни ютгандан кўра, "Бухоро" ва "Динамо"ни мағлуб этгани афзал эди. Натижалар ўзгармаса АЛБАТТА Клименкога ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилади.
Шу ҳолат рўй бергандан сўнг, жамоага янги мураббий изланади. Шу пайтда Вадим Абрамовга яхши таклиф билан чиқиш лозим. Биламиз, Абрамов унча кучли бўлмаган жамоаларни юқори чўққиларга олиб чиқишни хуш кўради. "Навбаҳор" эса Карленович учун ҳар томонлама маъқул келади, назаримизда.
"Навбаҳор"да молиявий томондан муаммолар йўқлиги ҳақида айтишмоқда. Шундай экан, агар (!!!) Клименкога жавоб берилса, Абрамов номзодини ўрганиб чиқиш лозим.
Бу албатта, бизнинг таклиф холос. Барчасини клуб раҳбарияти ҳал этади. Ким келса ҳам жамоанинг олдинги мавқеини тиклашга чин дилдан ҳаракат қилиши лозим. Бўлмаса кераги йўқ!
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ