Малайзияда бўлиб ўтган қуръа натижалари якунланиши биланоқ “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
- Қуъра натижаларини кузатиб бордим. Умуман олганда, бу ергача етиб келган саккиз жамоанинг ҳеч бирини кучсиз деб бўлмайди. Ҳар бир клуб машаққатли йўлни босиб ўтган. Айтмоқчиманки, чорак финал иштирокчилари ҳурматга сазовор жамоалар. Қуръа биз учун ёмон бўлгани йўқ. “Аделаида” – ёмон вариант эмас. Саккиз жамоа ичида энг яхши тасаввурга эга бўлган клуб билан рўбарў келдик. “Аделаида Юнайтед” билан гуруҳ босқичида икки бор тўқнаш келганмиз. Бу рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатларини яхши биламиз, шунингдек австралияликларнинг ўйин услуби билан ҳам яхши танишмиз. Бироқ, олис сафарга бориб-келишдаги парвозларнинг толиқтириши ва йўлдаги кутишлар бизга қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин ҳар қандай вазиятга тайёрмиз ва мусобақадаги муваффақиятли одимимизни давом эттирмоқчимиз. Биринчи учрашувни меҳмонда бошлашимиз ҳам қайсидир маънода бизга устунлик бағишлаши мумкин. Лекин бу жиҳатнинг яхши-ёмонлиги ўйин арафасидаги жамоаларнинг ҳолатига боғлиқ, - деди Миржалол Қосимов.