Нидерландиялик иқтидор Коди Гакпо ҳозирда бутун АПЛ нигоҳида. ПСВ ҳужумчиси жумладан, «Лидс», «Арсенал» ва «Ливерпуль» каби клублар эътиборида турибди.
Хўш, бундай кучли қизиқишнинг боиси нима? Ўзи Коди қандай футболчи?
2016 йилнинг ноябрида ПСВ тизимидаги U-21 жамоасида дебютини нишонлаган 17 ёшли йигитча қисқа вақт ичида 17та гол ва 6та самарали узатма тўплагач, уни зудлик билан асосий таркибга жалб этишганди. Коди шу тариқа 18 ёшида «Фейеноорд»га қарши кечган ўйин- (3:1)да Эредивизионда кўриниш берди ва мавсум-2018|2019да 5та гол ассистентига айланди. Ваҳоланки, майдонда жами 400 дақиқадан камроқ ҳаракатланганди. Гакпо шундан буён 3 мавсум давомида ПСВнинг чемпионатдаги 45та голида иштирок этди. Эътиборли жиҳати, у ўйинларда ўртача ҳисобда 67 дақиқадан тўп сурган ҳолда, шундай натижага эришди.
Коди Гакпо - универсал ҳужумчи, қанотлар, марказ ва ҳаттоки, сал олдинроқда ҳам самарали тўп суришга қодир. Айниқса, чап қанотда ўзини эркин ҳис қилади. 2019|2020 ва 2020|2021 йиллар мавсумларини барқарор (ҳар бирида 7тадан гол) ўтказган ҳужумчи охиргисида голеадорлик маҳоратини ошириб, рақиблар дарвозасини 12 марта нишонга олди. Бўйи нақ 189 сантиметрга тенг футболчи жисмоний қувватидан максимал даражада фойдаланади, яна катта гавдасига қарамай, рақибларини юқори тезлик эвазига қийнаб қўяди. Гакпо нафақат жисмоний, балки техник маҳорат бобида ҳам, ўйин вазиятини аниқ баҳолашда ҳам кўплаб тенгдошларидан яққол ажралиб туради. Дейлик, тўп билан муомала пайти ҳамиша оптимал вариант излайди ва керакли паллада зарба йўллаш ёки қулайроқ вазиятда турган жамоадошини тўп билан таъминлашни пайсалга солмайди.
Гакпо шунинг баробарида ортиқча финтлар билан вақт йўқотишни ёқтирмайди. Бунинг ўрнига тўп йўналишини гавдаси ёрдамида ўзгартириб, рақибдан айланиб ўтганча тезкор узатмани амалга оширади. Айнан самарали узатма вариантини тез танлаш қобилияти Гакпони ПСВда етакчи ихтирочилардан бири мақомига кўтарди. Мисол учун, охирги мавсум Эредивизионда хавфли вазиятларнинг дақиқаларга нисбатан ўртача сони бўйича биргина тажрибали Душан Тадич 22 ёшли йигитдан яхшироқ натижа қайд этди. Гакподаги яна бир ижобий хислат шуки, у ҳимояга кўмаклашишни ҳам сира унутмайди. Буниси энди қатъияти ва меҳнатсеварлигидан нишонадир.
Ҳа, Коди хатолардан ҳам холи эмас. Дейлик, баъзида тўпга дастлабки тегинишда шошиб қолади, гоҳида қарор чиқаришда адашади. Лекин бундай камчиликларга вақт ўтиши билан барҳам бериш мумкин. Ҳужумчи яна ҳаракатлар аэродинамикасини ҳам кучайтириши лозим - бўйи 189 сантиметр бўла туриб, шу пайтгача боши билан бирорта гол ургани йўқ. Муҳими, Гакпо ўта хотиржамлик билан тўп суради, рақиб жарима майдони ичида ўзини йўқотиб қўймайди. Хушбичим қомати ва чопқирлиги ҳам унга нисбатан қизиқишни оширишига шубҳа йўқ. Қисқаси, янги мавсум Гакпонинг савияли профессионал футболчига айланишига туртки бериши мумкин. Ҳужумчи учун энг муҳими - янги иш жойида етарли ўйин амалиётига эга бўлиш. Чунки у барча фазилатлари ва камчиликларини фақат майдонда намойиш этиши мумкин. Хулоса шуки, Коди АПЛнинг кўплаб клублари, жумладан, «Лидс»да ўз ўрнини бемалол топиши ва «сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган» даражада фаолият юритиш салоҳиятига эга.