Ҳужумчи Алексис Санчес яқин кунларда “Интер”ни тарк этиши мумкин.
Sky Sports Italia хабарига кўра, 33 ёшли футболчи "нерадзуррилар" билан шартномасини бекор қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Томонлар шартномани бекор қилиш шартлари бўйича ҳозирча келиша олишмаяпти, аммо музокаралар давом этмоқда ва яқин келажакда ечим топилиши мумкин. Санчеснинг "Интер" билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар тузилган.
Ромелу Лукаку қайтганидан сўнг, "Интер" Санчесни захира ўйинчиси деб ҳисоблайди, чунки жамоада ҳали ҳам Лаутаро Мартинес, Эдин Жеко ва Хоакин Корреа бор. Шунинг учун "Интер" Алексисдан қутулмоқчи. Клуб шундан сўнг асосий эътиборни ҳимояга янги футболчи сотиб олишга қаратмоқчи.
Чилилик футболчига "Марсель" қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, мумкин бўлган трансфер ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки Санчес билан шартнома имзолаш учун француз клуби биринчи навбатда ҳужумкор ўйинчилардан бири билан хайрлашиши керак.
Аввалроқ, “Интер” яна бир чилилик Артуро Видаль билан шартномани бекор қилганди. У "Фламенго"га кўчиб ўтди.
Санчес “Интер” сафида 2020 йил сентябридан буён тўп тепади. У клуб сафида 108 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол урган ва 23 та голга ассистентлик қилган.