"Севилья" клубидан шу ёзда "Барселона"га кўчиб ўтган франциялик ҳимоячи Жюль Кунде кейинги 5 йил ичида Каталония клубида бонусларни ҳисобга олмаганда 57,5 миллион евро ишлаб олади, деб хабар беради Cadena SER.
Манбага кўра, Кунде "Барселона"даги биринчи йилида 9,5 миллион евро ишлаб олади ва кейинги тўрт йил ичида солиқдан олдин 12 миллион евро ишлаб олади. Шунингдек, 23 ёшли футболчининг шартномасида ўйнаган 60 фоиз ўйин учун 2 миллион евро ва қўлга киритилган унвонлар учун 1 миллион евро миқдорида бонуслар белгиланган.
Трансфер суммаси 50 миллион еврони ташкил этди ва турли бонусларни ҳисобга олганда, бу 62,5 миллионгача ошиши мумкин.
Аввалроқ Кунденинг ўзи Лондоннинг "Челси" жамоасига бориши мумкинлигини тан олганди, бироқ "кўк-анорранглилар" президенти Жоан Лапорта, клуб мухлислари ва бош мураббий Хавининг меҳрини ҳис қилиб, футболчи билан шартнома имзолашга жуда қизиққан "Барселона"ни танлаган эди. .
Кунде ўтган мавсумда “Севилья” сафида 44 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали Франция терма жамоаси футболчисини 60 миллион еврога баҳоламоқда.