«Реал» клуби президенти Флорентино Перес «Сантос»нинг Неймар трансфери билан боғлиқ даъвоси кўриб чиқиладиган судда иштирок этади, дея хабар қилмоқда Mundo Deportivo.
Аввалроқ DIS инвестиция компанияси Неймар, унинг оиласи, «Барселона» собиқ президентлари Хосеп Бартомеу ва Сандро Росел, шунингдек, «Сантос» спорт директори Одилио Родригесни судга бергани хабар қилинганди.
Флорентино 17—31 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган суд жараёнида 18 гувоҳдан бири бўлади. «Реал» раҳбари 18 октябрь куни кўрсатма бериши кутилмоқда.
DIS далиллардан бири сифатида Переснинг 2016 йилда берган интервьюсидан парчани келтирмоқчи. Ўшанда функционер «Реал» ҳам Неймарга қизиқиш билдиргани, футболчини «Сантос»дан олиб келиш учун трансфер ҳуқуқига эгалик қиладиганларга умумий 150 миллион евро тўлаш кераклиги ҳақида гапирганди.
Аввалроқ 2016 йилдан бери давом этиб келаётган можаро судга оширилгани хабар қилинганди.
Прокуратура Неймар учун икки йиллик қамоқ ва 10 миллион евро миқдоридаги жарима сўрамоқда. ДИС эса футболчини 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, худди шунча муддатга футбол ўйнашини тақиқлаш талаби билан чиққан. Ундан ташқари футболчининг ота-онасига ҳам 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Прокуратура Неймарнинг отасини 2 йил, онасини 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши тарафдори.
DIS «Барселона»нинг собиқ президенти Сандро Роселни ва ўша вақтда «кўк-анорранглилар» вице-президенти бўлган Хосеп Бартомеуни 8 йилга озодликдан маҳрум этилишини хоҳламоқда. Давлат айблови эса Роселга 5 йиллик қамоқ жазосини сўраган.