Бошланаётган янги мавсум Микель Артета учун "Арсенал"даги учинчи тўлиқ иш даври бўлади. Мавсум эса доимгидек "Арсенал" ўйини билан старт олмоқда. Қуйида ушбу жамоага оид айрим тахминий қарашлар келтирилади.
АПЛдаги якун
Келаётган мавсум "Арсенал"нинг бешинчи ЕЧЛсиз даври бўлади. Шу сабаб бу йил ушбу нохуш анъанага чек қўйилиши ва жамоа кучли тўртталикка кириши шарт. "Манчестер Сити" ҳамда "Ливерпуль" яна дастлабки иккиталикни эгаллаб оладигандек кўринмоқда. Қолган поғоналар эса "МЮ", "Тоттенхэм", "Челси" ҳамда "Арсенал" орасида тақсимланиши кутилмоқда. Тўртинчи ўрин учун курашга келганда "Тоттенхэм"ни алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки Конте жамоаси анча юқори даражага эриша олди. "Челси" ҳамда "МЮ"нинг ўйинларини тахмин қилиш жуда ҳам муракклаб ишга айланиб қолди. Шунга қарамай, мавсум якунида "Арсенал"ни тўртинчи ўринни эгаллайди деб айта оламиз. Чунки жамоа ҳужумда ишончи ва керакли бўлган вакилга эга бўлди.
Европа саҳни
"Арсенал"нинг сўнгги мавсумдсаги натижаси жамоани Европа лигасида қатнашишини кафолатлай олди холос. Эндиликда жамоа пайшанба куни бўлиб ўтадиган баҳсларда иштирок этади. Микель Артета эса бундан фойдаланиб, ўз жамоасидаги ёшларни ўйин вақти билан таъминлаш имконига эга бўлади. Лондон клуби қуръа ташлаш маросимида А саватчадан жой олади. Шу сабаб "Арсенал"ни унчалик ҳам жиддий рақиблар кутмайди. Европа лигасининг плей-офф босқичи мавсумнинг иккинчи ярмида бошланади. Агар ички чемпионатда ҳаммаси жойида бўлса, у ҳолда "Арсенал" бу мусобақанинг чорак финалига қадар етиб бора олишига гувоҳ бўламиз. Акс ҳолда, барча эътибор ЕЛга қаратилади. Негаки, бу турнирда ғолиб бўлиш, клубга кейинги йилги ЕЧЛга йўлланма беради.
Кубоклардаги иштирок
"Арсенал"нинг кубок баҳсларида иштирок этиши доимо такрорланади. Жамоа бу борада энг муваффақиятли клублардан биридир. Аммо бунда бир муаммо юзага келиши мумкин. Яьни "Манчестер Сити" ёки "Ливерпуль"га дуч келиб қолиш, Микель Артета жамоасини бу турнирлардан ҳам чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Масалан, 2020-21 йилги мавсумда "Манчестер Сити" "тўпчилар"ни лига кубоги билан хайрлашишга мажбур қилган. Ўтган мавсумда эса бу вазифани "Ливерпуль", ярим финалда бажарганди. Шу туфайли катта эҳтимол билан юқоридаги икки жамоага дуч келиб қолиш, "Арсенал"ни кубок баҳсларини эрта тарк этишини англатади. Бу босқич эса нимчорак ёки чорак финалга тўғри келиши мумкин.
ИСМАТОВ Ж.