Кириш Регистрация

Павел Могилевец — “Бунёдкор”нинг таклифи ва Суперлигадаги дебют ҳақида

Баҳо:
+ | -

“Бунёдкор” ёзги трансферлар ойнасида таркибига россиялик ярим ҳимоячи Павел Могилевецни қўшиб олди. Фаолияти давомида “Зенит”, “Рубин”, “Ростов”, “Химки” ва “Нижний Новгород” клублари сафида Россия премьер лигасида жами 148 та учрашувда майдонга тушиб, жамоадошларининг 10 та голига ҳаммуаллифлик қилган бўлса, 4 марта ўзи рақиб посбонларини ранжитган. "Сўғдиёна"га қарши кечган учрашувда Суперлигадаги дебютини амалга оширган Павел "Бунёдкор" сайтига дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Павел "Бунёдкор"га ўтишингиз қай тариқа амалга ошди?
- Дастлаб кўрикка таклиф қилишди. Жамоанинг Минскдаги йиғинида иштирок этдим. Иккита учрашувда майдонга тушдим. Якунда шартнома имзоладик, тамом. Қисқача фикрим шу.

- Чорлов айнан ким томонидан келиб тушди? Агентлар ёки бош мураббийнинг ўзи?
- Дўстим Ўзбекистонда анча йиллар олдин тўп тепганди. Унинг бу ердаги танишлари етарлича. Мураббий ва раҳбарият эса мен билан йиғинда танишди.

- Клубдаги илк таассуротлар қандай?
- Таъкидлаш жоизки, клубдагилар мени яхши қабул қилишди. Мослашишимга кўмаклашишмоқда. Жамоадошларимга бунинг учун раҳмат айтиб қоламан. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда ғалабалар қозонишни бошлаймиз. Бу кўп куттирмайди, деб ўйлайман.

- "Сўғдиёна" билан ўйинда жамоа мағлубиятга учради. Мазкур баҳс сиз учун Суперлигадаги дебют бўлди. Хўш қандай фикрлар юзага келди?
- "Сўғдиёна"ни оддий рақиб, дея олмайман. Бежизга турнир жадвалида совринли ўринлар учун курашаётгани йўқ. Биз эса уларнинг кучли тарафларини зарарсизлантира олмадик. Дейлик қанотлардан узатмалар, қарши ҳужумларда улар жазолади. Хатоларимиздан фойдаланиб кетди, холос. Лекин ҳозирда катта куч билан навбатдаги ўйинларга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бизни мураккаб ҳафта кутиб турибди.

- "Бунёдкор"нинг айни пайтда эгаллаб турган ўрнига қандай муносабатдасиз?
- Клуб аввалги йилларда қандай ўрин эгаллаганини кўриб чиқдим. Албатта, "Бунёдкор" турнир жадвалига ўзига муносиб ўринда эмас. Вазиятни ўзгартириш учун максимал даражада ҳаракат қиламиз. Бу йўлда жамоага бор кучим билан ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Манба: "Бунёдкор" клуби матбуот хизмати
Киритилди: 05:20, 09.08.2022.
Ўқилди: 1683 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.