Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) бош директори Эмиль Сутовский Ўзбекистон терма жамоасининг Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасидаги ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистон АҚШни ортда қолдириб, ғалаба қозонгани ҳақида
Бу жуда катта ютуқ, ва албатта, кутилмаган ҳолат. Бироқ буни супер сенсация демаган бўлардим. Ўтган йилиёқ, Жаҳон Кубогида ҳам, рапид бўйича чемпионатда ҳам ўзбекистонлик ёш шахматчилар кучли рақибларига қарши муносиб дона сураётгани кўриниб турганди.
Шу боис шахсан мен учун улар АҚШ терма жамоасидан бошқа ҳеч кимдан қолишмасди, гарчи аъзоларининг рейтинги баланд бўлмаса-да. Беш нафар америкаликлар уч нафари мусобақага юқори формада келмагани кўриниб қолди.
Шу тариқа рақобатчилар у қадар кўп эмас эди, бунинг устига ҳеч ким ёрқин кўринмади. Масалан, ўзим Ўзбекистоннинг ғалабасини Олимпиада тугашига тўрт тур қолганда башорат қилгандим: озгина омад ва Ўзбекистон ҳақиқатда чемпионга айланди. Бу жуда улкан ва муносиб ғалаба!
Нодирбек Абдусатторов борасида
Нодирбек аллақачон супер юлдузга айланган. Эслатиб ўтаман, у 2021 йилнинг охирида Карлсен, Непомняший ва барча-барчани ортда қолдириб, рапид бўйича чемпионга айланганди. Ёш авлод етакчиларини ажратиб кўрсатадиган бўлсак, у Олимпиададаги мутлақ энг яхши натижани намойиш қилди. Яна Гукеш Доммаражани ҳам унутмаслик керак.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 11 турда 19 очко тўплаб (8 ғалаба, 3 дуранг), олтин медалга эга чиқди. Мазкур мусобақада ўзбекистонликлар мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди.