"Челси" бош мураббийи Томас Тухель "Тоттенхэм" клубига қарши бўлиб ўтган ўйиндан сўнг, бош ҳакам Энтони Тэйлорни танқид қилди.
Немис мутахассисининг фикрича, "шпорлар"нинг иккала голи ҳам ҳисобланмаслиги керак эди. Тухелнинг сўзларига кўра, Антонио Конте жамоасининг биринчи голи Кай Хаверцга нисбатан қўполликдан сўнг киритилган, иккинчи голга бир неча сония қолганида эса ҳакам Кристиан Ромерони майдондан четлатмаган, чунки аргентиналик футболчи Марк Кукурельянинг сочидан тортиб олган. Эслатиб ўтамиз, учрашув 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланганди.
"Кейинги ўйинда мен захира ўриндиғида бўлмайман, аммо ҳакам ишлашда давом этади", - деди Тухель матбуот анжуманида.
Конте Тухель билан бирга ўзаро тўқнашув учун финал ҳуштагидан сўнг қизил карточка олди. Ҳар икки мураббий ҳам АПЛнинг навбатдаги турида ўз жамоаларини бошқара олмайди.