"Пари Сен-Жермен" клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе 2022 йилги "Олтин тўп" совринини ким олиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрига кўра, "Реал" ҳужумчиси Карим Бензема бунга мутлақо муносибдир. Ҳақиқатдан ҳам "қироллик клуби" форварди бу сафар ҳар тарафлама ушбу соврин учун муносиб эканини намойиш қилди. Франциялик юлдуз Роналду кетганидан кейин жамоасида етакчига айланди. У ўтган мавсумда 46 та баҳсда 44 та гол ва 15 ассист билан ўзига хос натижага эришганди. 34 ёшли футболчи бу орқали яна бир бор Испания чемпиони ва ЕЧЛ ғолибига айланди.
"L'Equipe" журнали билан суҳбатда Мбаппе Карим ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди ва "Олтин тўп"нинг бўлажак эгасини тахмин қилди:
"Бензема ҳозир 34 ёшда. Аммо шундай даражада ўйин кўрсатмоқда. У ютиш мураккаб бўлган совринларни қўлга киритди. Шулардан бири ЕЧЛ кубоги эди. Агарда мен Каримнинг ўрнида бўлганимда, бундай натижаларга эришолмаган, "Олтин тўп" ҳақида эса ўйлашни аллақачон тўхтатган бўлардим".
Мбаппедан бу совринга даъвогар энг яхши учта футболчини айтиш сўралганида у шундай дейди: "Мен биринчи ўринга шубҳасиз Бенземани қўяман. Мен ва Садио Мане кучли учталикда бўлсак керак.
Мен 18-21 ёшлар оралиғида ўз ўйинимни топиб олишга интилдим. У пайтлар етарлича таъсирга эга эмасдим. Сўнгги икки йил ичида анча ўсдим. Шу сабаб "Олтин тўп"га даъвогарлар орасида кучли ўнталикдан, кучли учталиккача кўтарилдим. Муҳим паллаларда ҳал қилувчи ролни бажара бошладим. Қисқаси, мен эндиликда бу совринга жиддий даъвогарга айландим".
Килиан Мбаппе ўзининг даъвогар сафидаги ўрни ҳақида фикр билдирар экан, жумладан шундай дейди: "Мен бир неча йил аввал қизиқувчан футболчи эдим. Унда мен учун "Олтин тўп" учун кучли ўнталикка кириш ҳам катта натижа эди. Бироқ, ҳозир ҳаммаси бошқача. Олдин ҳам айтганимдек, бугун мен кучли учликдаман. Балки, бешлик ёки тўртликда. Кейинчалик бу яна ўзгаради".
Эслатиб ўтамиз, "Олтин тўп"ни топшириш маросими шу йилнинг 17 октябрь куни, Франциянинг Париж шаҳри мезбонлигида ўтказилади.
ИСМАТОВ Ж.