Бугун аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионати Ғарб минтақаси ўйинлари старт олди. Унда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган “Сўғдиёна-W” Эроннинг “Бам Хатун” клубига қарши дастлабки ўйинни ўтказди.
Баҳснинг 20-дақиқасида ҳамюртларимиз ҳисобни очишди. Диёра Ҳабибуллаева рақиб жарима майдони ичида бир ҳимоячини алдаб ўтди ва ўткир бурчак остида узатма берди. Тўп эса ҳимоячининг оёғига тегиб, тўрга бориб тушди.
Эронликлар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. 57-дақиқада қанотда етказилган узатмани Заҳро Ғанбарий дарвозага жойлаб қўйди.
Шерали Бобоқулов жамоаси ўйин охирига қадар ҳужум уюштиришган бўлсалар-да, бошқа гол ура олишмади. Айниқса, 71-дақиқада Ҳабибуллаева жуда яқин масофадан дарвозага аинқ зарба бера олмади.
Шу тариқа, дастлабки ўйинда дуранг қайд этилди. Ушбу жамоалар ўртасидаги иккинчи баҳс 23 август куни бўлиб ўтади.
Аёллар футбол клублари ўртасида ОЧ. Ғарб минтақаси
"Бам Хатун" - "Сўғдиёна-W" - 1:1 (0:1)
Голлар: Диёра Ҳабибуллаева 20ʼ (0-1), Заҳро Ғанбарий 57ʼ (1-1)
"Бам Хатун": 54. Заҳра Хажавий, 3. Коусар Камалий, 6. Заҳра Сарбалий, 8. Беҳназ Таҳерҳаний, 9. Заҳра Ғанбарий, 10. Атефеҳ Рамезанизадеҳ (С), 11. Самина Чаҳкандий, 15. Негин Зандий, 17. Шаҳназ Жафарий Задеҳ, 18. Мелика Моҳаммади, 23 Мона Ҳамоудий.
"Сўғдиёна-W": 1. Кумушой Ғуломова, 5. Нафиса Набиқулова, 6. Ирода Турдалиева, 7. Нозима Комолтоева, 10. Дилдора Эргашева, 11. Мафтуна Панжиева, 19. Ушижима Рико, 21. Холида Дадабоева (С), 22. Ана Чеминава, 23. Диёра Ҳабибуллаева, 27. Феруза Бобохўжаева.