Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” сафарда “Олимпик” (Тошкент) клуби меҳмони бўлади.
Бўлажак рақиб борасида тўхталадиган бўлсак, “Олимпик” 2021 йилда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) ташаббуси билан 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига пухта ҳозирлик олиб бориш мақсадида, олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан тузилди ва ўтган мавсумда Про-лигада иштирок этиб, 3-ўринни қўлга киритди ҳамда Суперлигага ўтиш баҳсида Муборакнинг “Машъал” клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, жорий мавсумдан Суперлигада қатнашмоқда.
Айни пайтда “Олимпик” таркибида 2001 ва 2002 йилларда таваллуд топган футболчилар тўп тепишмоқда. Жамоани эса яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Темур Кападзе бошқармоқда.
“Олимпик” жамоасининг чемпионатдаги асосий мақсади – футболчиларни шакллантириш, янги номларни кашф қилиш, ёш истеъдодларга зарур ўйин амалиётини тақдим этишдан иборат. Режага кўра, мазкур жамоа ҳар йили ўз ёш тоифаларида қитъа мусобақаларида иштирок этиб, тажриба орттириши кўзда тутилган.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг июнь ойида юртимизда бўлиб ўтган U-23 терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-23 термаси таркиби ўзагини “Олимпик” футболчилари ташкил этишди ҳамда U-23 терма жамоамиз финалга қадар етиб бориб, вице-чемпионликни қўлга киритди.
Мазкур мусобақада маҳоратларини оширган йигитлар 2023-2024 йилларда Париж Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақаларда иштирок этишади.
Қайд этиш жоиз, айнан 2001 ҳамда 2002 йилларда таваллуд топган футболчилар 2024 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этишлари мумкин.
Ўзбекистон – U-23 олимпия термаси 2024 йилда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, ярим финалга қадар етиб борса, юртимиз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилади.
“Навбаҳор” ва “Олимпик” жамоалари Ўзбекистон Coca Cola кубоги баҳсларида бир марта рўбарў келишган. Ўтган мавсумда ушбу мусобақанинг гуруҳ босқичи ўйинларида мазкур клублар биргаликда “D” гуруҳидан жой олишган ҳамда 2021 йилнинг 30 апрель куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтган баҳсда “Навбаҳор” учрашувнинг 29-дақиқасида Мирзоҳид Ғофуров томонидан урилган гол ҳисобига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳамда жами 9 очко тўплаган ҳолда, гуруҳ босқичи ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олган, “Олимпик” ҳам 6 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллаб, нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, “Олимпик” – “Навбаҳор” учрашуви 23 август куни Тошкентдаги “Жар” стадионида соат 19:00 да старт олади.