Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Adidas ва Nike мутлақо тенг!

Баҳо:
+ | -

Мана, навбатдаги евромавсумни ҳам бошлаб олдик. Бугун жамоа­лар амалга оширган трансферлар ёки ўйин услублари эмас, балки уларнинг формалари ҳақида гаплашамиз.

Аниқроғи, қитъанинг кучли 5та лигаси иштирокчиларини қайси компаниялар «кийинтираётгани»ни кўриб чиқамиз. Айтиш керак, ҳозирги ҳолатда экипировка оламининг икки наҳанги - Adidas ва Nike ўртасида мутлақ тенглик юзага келган. Macron эса Puma брендини кучли учликдан чиқариб юборди. Яна бир муҳим хулоса: Италияда маҳаллий брендларга ишонч катта.

 

УМУМИЙ МАНЗАРА

Аввало, еврофутбол маркази, яъни кучли 5та лигадаги умумий манзарани кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Демак, жами 98та клубдан нақ 34таси анъанавий етакчилар - Adidas ва Nike қаноти остида. Эътиборли томони, Германия ва АҚШ бренди ўртасида мутлақ тенглик бор - ҳар иккиси 17тадан жамоага «эга»лик қилмоқда. Аммо навбатдаги мавсум олдидан кучли учликда ўзгариш кузатилди - Puma ўз ўрнини Macron компаниясига бўшатиб берди. Хуллас, эндиликда кучли учликда Италия бренди ҳам бор. 

Умуман, Adidas ва Puma (Германия) ҳамда Nike (АҚШ)­нинг еврофутбол марказидаги тўлиқ ҳукмронлик даври аллақачон ўтмишда қолди. Эндиликда «катта учлик» асосан энг сара клубларга эътибор қаратмоқда. Ўрта ва паст бўғинга мансуб жамоалар эса ҳали унча машҳурлашмаган брендлар қаноти остига ўтмоқда. Чунки уларга энг маъқул индивидуал ҳамкорлик вариантини айнан ҳали кенг танилмаган гуруҳлар таклиф этмоқда. Умумий ҳисобда айтсак, Аdidas, Nike ва ва Puma янги мавсумда жами 44та клубни экипировка билан таъминлайди, қолган 54та жамоа бошқалар тасарруфида. Ҳа, бу масалада ўтган асрнинг 90-йилларида кузатилган хилма-хиллик қайтмоқда. Ўшанда футбол бозорида «катта учлик»дан ташқари, Kappa, Umbro, Fila, Admiral ва Hummel компаниялари улуши бор эди. Фақат энди Fila ва Admiral ўрнида янги «ўйинчилар»ни кўряпмиз. Масалан, New Balance, Castore, Mizuno ва «Армани ЕА7» империясининг спорт линияси.


ИТАЛЬЯНЧА САКРАШ

Алоҳида айтиш керак, Италия бренди - Macron кучли учликда Puma ўрнини илк марта эгаллаётгани йўқ. IQUII Sport 2019 йили Европанинг кучли 6та чемпионати (Португалия лигалари ҳам қўшилганди)да иштирок этувчи 237та клуб экипировкаси бўйича умумий тадқиқотини эълон қилганди. Ўшанда бозорнинг 9,7 фоизи Macron гуруҳига тегишли эканлиги ва 8,86 фоиз улушга эга Puma Италия фирмасидан ортда қолаётгани маълум бўлганди. IQUII Sport рейтинги юқорисида эса Nike (15,61 фоиз) ва Adidas (10,97 фоиз) қайд қилинганди. Тўғри, Macron бозорда фақат ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан кўзга ташлана бошлаган. Ваҳоланки, Болонья компанияси 1971 йилда тузилган, аммо узоқ вақт давомида Америка спорт брендларининг Италиядаги воситачиси мақоми билан чекланган. Ушбу бренд 1994 йилга келибгина мустақил ишлаб чиқариш йўлига ўтганди. Шу тариқа 2001 йили ўз тарихида биринчи ҳомийлик шартномасини расмийлаштирди. Албатта, маҳаллий «Болонья» клуби компаниянинг илк мижозига айланди.

 

NIKE ВА ADIDAS  ГУРУҲЛАРИГА ЯНГИ ЧОРЛОВ

Дадил юришни давом эттираётган яна бир гуруҳ - бу Castore. Диққат қилинг, Британиянинг ушбу брендига 2015 йили ака-ука- Томас ва Филипп Бихонлар асос солишди. Улар ўша вақт атиги 25 ва 22 ёшда бўлишган. Эътиборли томони, 2 йилча олдин ҳам Castore футбол бозорида бирор клубга «эга» эмасди, лекин кейин катта сармоя эвазига ривожланиш сари қадам ташлади. Натижада 2020 йили «Рейнжерс» билан шартнома тузган компания орадан кўп ўтмай, АПЛга бош суқди ва «Вулверхэмптон» ҳамда «Ньюкасл» каби клубларни ўз томонига оғдирди. Жорий ёзда эса «Астон Вилла», «Байер», «Севилья», «Альмерия», «Чарльтон Атлетик» ва «Солфорд Сити» жамоалари ҳам Castore билан боғланди. Британия гуруҳининг кейинги мақсади «Рома», «Атлетик»«Женоа», «Гамбург», «Фейеноорд» каби клубларни ўз қаноти остига олиш. Умуман, инглизлар шу билан ҳам тўхтаб қолмайдилар. Castore асосчилари ҳозирда энг яхши брендларни шаблонлар ва инновацион ечим йўқлиги юзасидан кескин танқид қилишмоқда. Улар ўз фирмаларини энг маъқул муқобил вариант сифатида кўрсатиб, клубларга ҳомийлик келишуви масаласида янгича ёндашув таклиф этишяпти. Бундай ҳаракат клубларга ёқмоқда ва компания бозорда доимий равишда янги-янги нуқта топмоқда. Ҳа, футбол бозорида ёш бренд икки наҳангга қарши чиқмоқда. У аллақачон АПЛни қамраб олишга тушди ва одатий шаблонларни йўқотиш ҳаракатида. 


ЯПОН БЕЛГИСИ

Янги мавсумда «А» серия («Лацио») ва Бундеслига («Бохум»)га кириб олган Mizuno брендига ҳам алоҳида тўхталиш керак. Япониянинг ушбу кучли гуруҳига ҳам ака-укалар асос солишган, худди Castore каби. Тўғри, Ризо ва Рихати Мизуно деярли 110 йил олдин (1906 йил) иш бошлашган. Дастлаб фақат бейсболга ихтисослашган япон фирмаси ке­йинчалик қанотларини ёйиб, деярли барча спорт турларини қамраб олди. Mizuno жумладан, 1980 йили Москва Олимпиадасининг расмий экипировкачиси бўлди, Сидней-2000да ҳам худди шу ролни бажарди. Ўтган йили эса японлар Европа футбол бозорига бош суқишди. Бунда Mizuno билан лицензион шартнома тузган Future Performance Sport компанияси ташаббус кўрсатди. Япон фирмаси номидан жамоа­лар билан ишлаш ҳуқуқи айнан шу гуруҳ қўлида. Бу футбол бозорида синалган амалиётдир. Ҳаттоки, Puma ва Umbro ҳам баъзи ҳолатларда шу тажрибадан фойдаланади. «Ўзаро ҳамкорликдан мақсад - Европанинг элит футбол жамоа­лари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш асносида Mizuno брендининг мавжуд потенциа­лини кўрсатиш, катта бозордаги обрўсини ошириш, мустаҳкамлаш ва ривожланишини тезлаштириш», - дейди Future Performance Sport бош директори Дункан Томсон. Айтиш ўринли, бу мутахассис вақтида New Balance, Nike ва Umbro компанияларида ҳам ишлаган. Mizuno неча 10 йиллар бўлдики, Японияда клубларни экипировка билан таъминлаб келмоқда. Компания шунингдек, Португалиянинг «Портимоненше» ва Италия қуйи лигалари вакиллари билан ҳамкорлик қиларди. Мана, энди элит даражага кўтарилди. Mizuno «Лацио» ва «Бохум»нинг техник ҳомийси бўлиш билан чекланиб қолмай, жорий йил Серхио Рамос билан шахсий шарт­нома ҳам тузди. Яъни испания­лик ҳимоячи япон брендидан ўз татуировкаларига асосланган дизайнда ишлаб чиқарилган махсус бутса олишга улгурди. 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:27, 22.08.2022.
Ўқилди: 2854 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.