Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Камтар, меҳнатсевар ва «учар» олифта

Баҳо:
+ | -

Аввалги мавсум АПЛ «Олтин бутса»сига қўл узатган «Тоттенхэм» вингери Сон Хюн Мин янада юксакроқ марраларни кўзламоқда.

 Жанубий Корея футболининг биринчи рақамли юлдузини ҳарбийларга хос тарбия ва темир интизом соҳиби сифатида яхши таниймиз. Лекин Сон Хюн ўз юртида футболга алоқаси йўқ жиҳатлари билан ҳам жуда машҳур эканлигини кўпчилик билмаса керак. Жанубий Корея брендлари АПЛ юлдузини реклама учун суратга олишда навбат кутишга мажбур. Корейслар фахрига айланган голеа­дор шунинг баробарида мода йўналиши шайдоси, бир қатор нуфузли компаниялар билан шахсий шарт­нома тузган футболчи яқинда ўз брендини ҳам йўлга қўйди. Қисқаси, қуйида кореялик камтарин меҳнатсеварнинг майдондаги жонкуярлиги эмас, балки футболдан ташқарида қандай ишларни амалга ошираётгани хусусида гаплашамиз. Ишонинг, Сон Хюн Мин ўз мамлакатида - реклама қироли ва суперолифта йигит.

Burberry элчиси

Жаҳон футболидаги энг олифта ўйинчи ким? Бу хусусда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Масалага озгина мураккаблик киритиш учун Эктор Бельеринни бир четга суриб туриш керак. Британиянинг GQ сайти рўйхатига қарасак, Сон Хюн АПЛдаги 14 нафар суперолифта футболчи етакчисидир. «Арсенал»ни «қиймалаган» салкам 2 метрли монстр мукаммал соч турмаги ва самимий табассуми билан ҳеч нарса бўлмагандек реклама шитидан хотиржам нигоҳ ташлайди. Сон Хюн яна ўта нозик дид соҳиби. У асосан қимматбаҳо жинси ва оқ рангли кенг футболкани ёқтиради», - дея таъриф берганди GQ рейтинги муаллифи Финли Ренвик корейс футболчисига. «Ўйлашимча, дид билан кийиниш ва хушбичим кўриниш жуда муҳим. Мен учун энг яхши либос - қишки пальто. Изғирин ҳавода иссиққина юришга нима етсин... Ёзда эса шорти, футболка ва енгил шиппакдан фойдаланаман» - буниси Сон Хюннинг ўтган йил ёзда GQ сайтига берган интервьюдан иқтибос. Жанубий Корея миллий жамоа­си етакчиси журналистлар билан яна бир мулоқот чоғи ки­йинишда соддаликни ёқтиришини айтганди: «Оддийгина футболка ва жинсида ўзимни анча енгил ҳис қиламан. Дейлик, машғулотларга ҳам шиппакда бораман. Хуллас, кийиниш услубим турмуш тарзимга монанд оддий, бунда қандайдир мураккаблик йўқ».

Сон Хюн Мин билан ҳамкорлик қилаётган агентлик раҳбари Мэтью Одонохьюнинг айтишича, футболчи модага ўч ва бу борада анча-мунча нарсани тушунади. Унинг мода йўналишидаги кенг тасаввури эса кўплаб компаниялар билан шартнома тузиш имкониятини беради. Мана, корейс вингери яқинда Англиянинг Burberry гуруҳи расмий элчисига айланди, ўтган йилнинг июнида эса Polo Ralph Lauren бренди рекламасида суратга тушганди.

Шахсий кийим-кечак бренди 

Сон Хюн июнь ойида NOS7 номи остида шахсий либослар брендини ишга туширди. У шундан 2 ҳафтача олдин «Олтин бутса»сини Жанубий Кореяга олиб борганидаёқ кўпчилик эътиборини тортганди. Ўшанда вингернинг оқ рангли футболкасида NOS логотипи яққол кўзга ташланди. Мухлислар аввалига бу ёзувни Son иборасининг тескари ифодаси сифатида баҳолашди. Бироқ кейинроқ маълум бўлишича, NOS Nothing Ordinary Sunday (яхши, одатий якшанба) иборасининг қисқартмаси экан. Сон Хюн Минга тегишли фирма 17 июнь куни Сеулда вақтинча дўкон очди. Эътиборлиси, савдо бутун 2 ҳафта давомида тўхтагани йўқ, биринчи куни эса харидорлар нақ 3 соатлаб навбатда туришди. Айримлар NOS дўконидан либосларни сотиб олиб, шу жойнинг ўзида 1,5 баравар қимматроққа пулладилар. Кейинчалик либослар сифати хусусида турли фикрлар билдирилди. Кимдир ҳаммаси жойида эканлигини айтса, бош­қа биров нарх сифатга мос эмаслигини таъкидлади. Ronna модалар уйи вакиллари эса якдил хулоса чиқардилар: «Сон Хюн Мин - таниқли шахс. Ўйлашимизча, унинг мухлислари учун 70 минг вонага футболка харид қилиш оғирлик қилмаса керак».

Энди Сон Хюн корхонаси ишлаб чиқарилган либосларда машҳур юлдузлар ҳам жавлон урмоқдалар. У аввало, «Тоттенхэм» аъзоларини ўз маҳсулотлари билан сийлади. Қолаверса, NOS томонидан ишланган кенг куйлак кореялик машҳур актёр Парк Со Жунга ҳам ёқиб қолди.

Реклама қироли

Футболчиларнинг реклама бозорида катта пул ишлашлари ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмай қўйди. Лекин Сон Хюннинг бу масалада йўналиши бироз бошқача. Ҳа, у ҳам 10тадан ортиқ топ-компания билан ҳамкорлик қилади - таниқли футболчи учун одатий ҳол. Лекин Сон Хюннинг Жанубий Корея реклама бозоридаги нуфузи ақлга сиғмас даражада баланд. Баъзан уни мамлакатнинг энг машҳур фуқароси сифатида эътироф этадилар. Гарчи ижтимоий тармоқларда айрим таниқли актёрлар, созандалар ва поп-юлдузлардан кейинда турсада. Муҳими, «Тоттенхэм» футболчиси Ж.Корея телевидениесида турли маҳсулотлар рекламасидан сира бўшамайди. У ҳаттоки, банклар хизматини ҳам овоза қилади. Масалан, 2019 йили «СуперСон» музқаймоғи рекламасида қатнашганидан кейин маҳсулотнинг савдо ҳажми бирданига 2 баравар ошди, сумма бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан нақ 80 фоиз кўпайди. «Сон Хюннинг реклама баҳоси Жанубий Кореяда энг қимматларидан биридир. Муҳими, у ғолибона юришини давом эттирса, телефони мунтазам равишда жиринглайверади. Сон - ёрқин ва соғлом имидж соҳиби. Шунинг учун у билан ҳамкорлик қилишга интиладиган бренд ва компания­лар саноғи йўқ», - дейди номи ошкор этилишини истамаган кореялик маркетолог.

Қизиғи шундаки, футболчи Корея бозоридан тушган реклама буюртмаларининг асосий қисмини мавсумлар оралиғи - хорижий сафарлар ва таътил даврида адо этади. Сон Хюннинг отаси ўғлига доимий ҳамроҳ. Айнан у тасвирга олиш гуруҳини максимал тезликда иш олиб боришга ундаб туради. Футболчининг ўзи эса майдон ташқарисидаги фаолият доирасини янада кенгайтириш мақсадида офиси Лос-Анжелесда жойлашган CAA Sports компанияси билан шартнома тузди. «У Жанубий Кореяда кўплаб келишувларга эришиб, глобал машҳурликка эришди. Энди чегарани янада кенгайтириш ниятидамиз», - деди Одо­нохью Sport Business нашрига берган интервьюсида. Футболчи аввалроқ кореялик поп-юлдузлар Бан Мин А ҳамда Ю Со Юн билан учрашиб турарди. Ҳозирча унда қаллиғи йўқ. Чунки отасининг маслаҳатига биноан, футболчилик фаолиятини якунлашидан аввал уйланмоқчи эмас. «Отамнинг фикрига тўлиқ  қўшиламан. Уйланган футболчи учун оила биринчи ўринга чиқади, турмуш ўртоғи, фарзандлар, ундан кейин футбол. Ҳамонки, топ-савияда ўйнар эканман, футбол биринчи ўринда қолади. Фаолиятим ниҳоясида, яъни 33-34 ёшда уйлансам ҳам бўлаверади. Албатта, узоқ ва бахтиёр оилавий ҳаётдан умидворман» - Сон Хюн Миннинг бу борадаги қатъий қарори шундай. 

Содиқ СОБИР тайёрлади

 

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:03, 25.08.2022.
Ўқилди: 3806 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.