Кириш Регистрация

«Дерби»да «оқ бўрилар» ғалаба қозонди

Баҳо:
+ | -

Турнинг қизиқарли учрашувларидан бири Ғузор шаҳрида бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда Қашқадарё жамоаларининг ўзаро ўтказаётган учрашувлари қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу сафар “Қашқадарё дербиси”да “Шўртан” ва “Машъал” жамоалари ўзаро баҳс олиб бордилар. Учрашувга ҳар икки жамоа ҳам йўқотиш билан ташриф буюрди. Жамоалар бу сафар футболчиларни эмас, балки, бош мураббийларини йўқотган ҳолда учрашувга ташриф буюришди. “Андижон”га қарши баҳсда Игорь Криушенко қизил карточка олганлиги сабабли, бу сафарги баҳсни мухлислар орасида кузатишга мажбур бўлган бўлса, Владимир Фомичёв ўз майдонида “Қизилқум”га бой берилган имкониятдан сўнг ўз лавозимидан озод этилганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди...

Ўз майдонида “Пахтакор” жамоасига қарши бўлган учрашувда қизил карточка олиб майдондан четлаштирилган Ботир Қодирқулов бу сафар асосий таркибдан жой олди.

Ҳар икки жамоани ҳам ёрдамчи мураббийлар майдонга олиб тушганлиги сабабли, учрашувни эҳтиёткорлик билан бошлашди.

Ўйиндаги дастлабки хавфли 26-дақиқага тўғри келди. Отабек Валижонов рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, Таранни тўп билан таъминлади. Игорь эса тўпни Ботир Қодирқуловга ошириб берди. Қулай вазиятда қолган Ботирнинг йўллаган кучли зарбасини эса фақатгина “Машъал” дарвозасининг тўсини қайтариб қолди.

31-дақиқада эса “Шўртан” ҳисобни очиши мумкин эди. Отабек Валижоновнинг фаоллигидан сўнг дарвозабон хатоликка йўл қўйди ва ўз жойини ташлаб чиқиб кетди. Тўпни эгаллаб олган Таран эса дарвозабоннинг устидан тўпни ошириб қўйди. Тўппа-тўғри дарвозага кириб кетаётган тўпни эса Илья Фомичёв қайтариб юборишга мушарраф бўлиб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда рақиб жарима майдончасига ёриб кирган Игорь Таран Жаҳонгир Абдумўминовнинг қўполлигига дуч келди ва йиқилди. Вазиятга яқин турган бош ҳакам эса меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Белгиланган 11 метрлик жарима тўпини эса жабрланувчининг ўзи қойилмақом тарзда ижро этди – 1:0.

Гарчи, учрашув “дерби” номи остида ўтган бўлса-да, биринчи бўлимни у қадар қизиқарли ўтди деб айтиш фикридан йироқмиз.

Ҳисобда олдинда бораётган “Шўртан” ташаббусни ўз қўлига олган ҳолда иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлади. Бир вазиятда белгиланган жарима тўпини Ярослав Крушелницкий қойилмақом тарзда амалга оширмоқчи бўлди, лекин унинг зарбаси гарчи аниқ кўриниш олган бўлса-да, Ўткир Юсупов учун қийинчилик туғдирмади ва дарвозабон тўпни осонлик билан эгаллаб олди.

Учрашувда фақат “Шўртан” жамоаси ҳужум уюштирмади, меҳмонлар ҳам имкон бўлди дегунча олдинга ўтиб туришди. Айниқса, чап қанот ҳимоячиси бўлишига қарамай, Алик Ҳайдаров жуда кўп маротаба ҳужумларда қатнашди, қарши ҳужумларда олдинга ташланиб жамоасининг ҳужумларини ривожлантирди. Лекин, аслида ярим ҳимоячи бўлган - Самандар Шодмонов ва Мирзоҳид Ғофуровлар ҳужумда у қадар ишончли ўйнай олмасликларини исботлади, гоҳида “Шўртан” ҳимоячилар яхши ўйнашган бўлса, сўнгги пайтларда ишончли ўйинлари билан асосий таркибда ўз ўрнини топиб олган Михаил Наумов ҳам аъло даражада ҳаракат қилиб, рақиб ҳужумларини барбод этишда фаоллик кўрсатишди.

Шу тариқа, навбатдаги “Қашқадарё дербиси”да куч синашган “Шўртан” ҳамда “Машъал” жамоалари ўртасидаги баҳсда “оқ бўрилар” омад туфайли, ўз имкониятларидан паст даражада тўп сурган ҳолда ғалаба қозонди ва рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, очколари сонини 20 тага еткашиб олишди ҳамда турнир жадвалининг 4-поғонасига кўтарилиб олишди.

“Шўртан”-“Машъал” 1:0 (1:0)
25.06.2012 йил. 12-тур. Ғузор. 6211 томошабин.
Ҳакамлар: Танташев Илгиз, Самандаров  Руслан, Жумаев Обид, Наджафалиев Вилоят,
“Шўртан”: Наумов Михаил, Жўрабоев Обид, Алиқулов Асрор, Валижонов Отабек, Соро Адама, Таран Игорь,  Мамазулумов Муйдинжон (Клишин Виктор 46), Қодиркулов Ботир (Убайдуллаев Лазиз 60), Мерзляков Александр, Каримов Хамза (Афонин Вадим 76).
“Машъал”: Юсупов Ўткир, Хайдаров Алик, Ваниев Дилявер, Фомичев Илья, Абдумўминов Жахонгир (Тошпўлатов Ихтиёр 81), Шодмонов Самандар (Муҳаммадиев Шуҳрат 76), Гафуров Мирзохид, Петкович Игорь, Сапаргалиев Габит, Шодмонов Аббос, Шайманов Шахзод.
Гол: И. Таран 45.
Огоҳлантиришлар: Б. Қодирқулов (33), А. Мерзляков (37) – А. Шодмонов (22), И. Фомичев (42), М. Ғофуров (77).
Назоратчи: Нехочин И.

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 04:12, 26.06.2012.
Ўқилди: 5366 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.