Про Лига пешқадами бўлиб турган "Андижон" жамоаси ўзининг август ойидаги энг яхши футболчисини аниқлади.
"Зукко мухлисларимиз яхши билишадики, ҳар ойда жамоамизнинг энг яхши футболчисини аниқлаб келмоқдамиз.
Албатта, бунда сиз азиз мухлисларнинг сўровингиз муҳим аҳамият касб этмоқда. Фақат июль ойида чемпионатимизда танаффус бўлиб, асосан ёзги ўқув-машғулот йиғинлари сабабли расмий учрашувлар ўтказилмади.
Август ойидан бошлаб про лигада чемпионат яна давом эттирилмоқда.
Ўтган ойда “Андижон” 4 та ўйин ўтказди ва барча рақибларини “Бобур Арена”да қабул қилди. Эътиборлиси, ҳамма ўйинда жамоамиз ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.
Ҳар бир учрашувдан кейин телеграм тармоғидаги расмий саҳифамиз орқали энг яхши футболчи номинациясида сўров ўтказиб келинмоқда. Натижада ой якунига келиб, ташкил этилган 4 та ўйиндаги футболчиларинг тўплаган умумий овозлари ҳисоблаб чиқилди.
Унга кўра, жамоамизнинг август ойидаги энг яхши футболчиси – бу яна бир бор Шаҳбоз Эркиновга насиб қилди.
Ёдингизда бўлса, тажрибали ҳужумчи май ойида ҳам жамоамизнинг энг яхши ўйинчиси деган номга сазовор бўлганди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамоамиз сафида ойнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун кураш жуда қизғин кечди. Аслида ҳар бир футболчимиз ғалабага муносиб ҳиссасини қўшди. Шунинг учун ҳам август ойини муваффақиятли ўтказа олдик. Фақатгина мухлисларнинг умумий сўрови бўйича бу гал ҳам Эркинов энг кўп овоз тўплади – 1468.
Август ойи якунлари бўйича сўровномада кучли бешталик қуйидагича кўриниш олди:
1. Шаҳбоз Эркинов - 1468
2. Фарҳод Соҳибжонов - 1148
3. Горан Милойко - 1048
4. Муҳаммадкарим Тоиров - 924
5. Суҳроб Бердиев – 840
Бугун жамоамизнинг навбатдаги машғулоти олдидан бош мураббий Виктор Кумиков ойнинг энг яхши футболчисига аталган махсус статуэткани Шаҳбоз Эркиновга топширди" - дейилади андижонликларнинг матбуот хизмати томонидан тарқатилган байёнотда.