Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Виктор Кумиков: "Ўйнадик, югурдик, ҳаракат қилдик, аммо натижа бўлмади"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон кубогининг чорак финал босқичида бўлиб ўтган “Андижон” – АГМК (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Виктор Кумиков журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

— Афсуски, биз Кубокда кейинги юришимизни давом эттира олмадик. Бир қатор голли имкониятларга эга бўлсак-да, бундан самарали фойдалана олмадик. Ўйлайманки, ўйинчиларимизга катта маҳорат етишмади. Кўриниб турибдики, улар Суперлига жамоаси, биз эса про лигадамиз. Барибир бироз бўлса ҳам фарқ билинди. Етарлича имконият бўлса-да, 5-6 та вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Хуллас, ўйнадик, югурдик, ҳаракат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Қаердадир дарвозабон яхши ўйин кўрсатди. Жамоасини муқаррар голдан сақлаб ҳам қолди. Яна қайсидир вазиятда эса ўзимиз гол ура олмадик.

— Бугун майдонда Суперлига билан про лига жамоалари ўйнадилар. Лигалар ўртасидаги фарқни сездингизми?
— Албатта, фарқ сезилди. Кучли рақибга қарши тўп сурдик. АГМК охирги ўйинларда яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониб келаётган жамоа ҳисобланади. Агар Суперлиганинг қуйироқдаги жамоаларидан бири билан куч синашганимизда балки бошқачароқ натижа бўлиши мумкин эди. Бу рақибимиз анча кучли эканлиги билинди. Шу сабабли биз бироз қийинчиликка учрадик. Кўриниб турибди, жамоа тажрибали ва зарур вазиятларда футболчилар бир-бирига керакли узатмаларни амалга оширишяпти. Бизда тўп узатишлардаги хатоликлар бўлди. Про лигада бизда ҳаммаси яхши кетяпти. Аммо Суперлига жамоасига қарши учрашувда жамоамизда муаммолар борлиги кўринди.

— Ўйинни бошқарган ҳакамлар бригадасига нисбатан муносабатингиз қандай? Иккита вазиятда пенальти берилмагани мухлислар томонидан жиддий эътирозларга сабаб бўлди...
— Қўлга теккан ҳолати икки марта эмас, уч-тўрт марта бўлди. Қўлига теккани аниқ эди, аммо нимагадир пенальти бермади. Буни мен билмайман, ҳакамлардан сўраш керак. Афсуски, ўзимиз гол уришимиз керак эди, қатор имкониятларимиз бўлганди. Ҳаттоки, ўйиннинг бошиданоқ бизда голли вазият бўлганди. Бир вазиятда бош билан ҳам гол уриш имкониятимиз бор эди. Афсуски, барча имкониятлар йўққа чиқарилди.

— Ғалаба учун қандайдир мукофот ваъда қилинганмиди?
— Кубокни қўлга киритсак ваъда қилинганди.

— Фарҳод Соҳибжонов нима учун алмаштирилди?
— Тўғриси, Соҳибжонов ҳеч нарсага улгурмай қолганди. У ёққа ҳам, бу ёққа ҳам тўпларга ета олмаётганди. Шунинг учун уни алмаштиришга қарор қилдим. Ўрнига Полвоновни туширдим. Чунки у ҳаводаги ҳужумларда боши билан яхши ўйнайди. Нима қилишим керак эди? Алмаштирмаслигим керакмиди? Ахир ҳимоячини тушириб бўлмаса?! Янги кучга тўлган футболчини майдонга тушириб ўйинни ўзгартиришимиз керак эди. Аммо бу амалга ошмади. Биз жамоамизни про лигага тайёрлаганмиз. Тўғрисини айтсам, Суперлига клуби биздан кўра озгина кучлироқ қилди.

“Андижон” матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 07:33, 04.09.2022.
Ўқилди: 1128 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.