Бугун оқшомда "МЮ" янги мавсумдаги илк жиддий синовга дуч келади. "Арсенал" "Олд Траффорд"га ташриф буюрмоқда. Ўз навбатида лондонликлар учун ҳам ушбу ўйиннинг қиймати баланд ва муҳимдир. Қуйида "Манчестер Юнайтед" таркибида юз бериши мумкин бӯлган эҳтимолий ўзгартиришлар ҳақида сўз боради.
Дебютлар бўладими?
Каземиро футболчиларга тактик кўрсатма бериш ёки уларни қўллаб-қувватлаш учун сотиб олинмаган. Уни Европа лигасидаги "Реал Сосьедад"га қарши баҳс учун сақлаш ҳам аҳмоқлик бўлади. Шундай экан, бугун асосий таркибда Каземирони кўришимиз мумкин. Ахир у дунёдаги энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан биридир. Шунингдек, Антони ҳам кенгайтирилган таркибга киритилса, ажаб эмас. Аммо 100 миллионлик ҳужумчи сўнгги 3 ҳафта давомида майдонга тушмаган. Антони захирадан қўшилиш эҳтимоли мавжуд. Демак, бугун дебютларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ҳужум чизиғида ўзгариш?
Эрик тен Хаг сўнгги 3 та турда ҳужумчиларни деярли бир хил танлаётган эди. Аммо "Лестер" билан ўйинда Эланга иккинчи бўлим аввалида захирага олинган. Бу турда эса унинг майдонга тушмаслик эҳтимоли бор. Чунки Роналду жангга шай турибди. Санчо яхши формада. Рэшфорд эса чап оёқда беназир. Шундай экан, ҳужум чизиғида мана шу учта фигура пайдо бўлиши мумкин. "Арсенал" мудофааси эса улардан сақланиши керак. Демак, ҳужум Роналдуга қайтади.
Кучли тўртталикка кириш бу турда эпланадими?
Агарда ҳозир Google'га "АПЛ жадвали" дея қидирув берсангиз, "МЮ" қайси поғонадан жой олганига гувоҳи бўласиз (9 очко билан 8 ўрин). "Арсенал"га қарши ғалаба қозониш билан эса ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этадиган поғонага қайтиб олиш имкони мавжуд. Бу орқали "Брайтон" ортда қолдирилади (). Аммо бу иш осон бўлмаслиги аниқ. Нима бўлган тақдирда ҳам "МЮ"да ниманидир исботлаш учун яхши имкон мавжуд. Демак, ҳаммаси тен Хаг ва унинг футболчиларига боғлиқ.
Захирада янги номлар?
"МЮ" ўзига хос бўлган мавсумда 28 та футболчи билан АПЛда иштирок этмоқда. Жозе Моуриньо ҳам жамоадаги илк мавсумида айнан шу миқдордаги футболчиларни йиғган ва Европа лигасини ютган эди. Аммо ҳозирги даврни фарқли жиҳатлари бор. Хусусан, 28 футболчининг аксарият қисми ҳали 20 ёшга тўлмаган академия ўйинчиларидан иборат. 6-турда "МЮ" Уан-Биссака, Люк Шоу, Брендон Уильямс, Аксель Туанзебе ҳамда Фил Жонс хизматларидан фойдалана олмаслиги мумкин. Таркибга киритилса ҳам, бу футболчилар кўп эҳтимол, захирада қолдирилади. Шунингдек, ўша ўриндиқда янги посбон бўлган Мартин Дубравка ҳам жой олиши кутилмоқда. Антони ва Каземиро ҳам захирада бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Демак, "МЮ" захирасида албатта янги футболчилар бўлади.
Хулоса, қилиб айтганда тен Хаг ихтиёрида турли вазифаларни эплай оладиган савияли ўйинчилар йиғилди. Бу билан эса нафақат "Арсенал"га қарши, балки исталган топ-клубга "махсус совға"лар тайёрласа бўлади. Улардан бирини эса, бу оқшом балки кўрармиз ҳам...
ИСМАТОВ Ж.