"Пахтакор" таркибида 1979 йили авиаҳалокатга учраган Владимир Собировнинг ўғли Олег Собиров ҳозирги кунда Қозоғистон чемпионатида тўп суради. У Премьер-лиганинг янги вакили — "Сункар" шарафини ҳимоя қилмоқда. Ўз вақтида ҳимоячи "Навбаҳор" ва "Дўстлик" сафида икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлган ва икки марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритган. 2003 йилдан бошлаб Олег фақат Қозоғистон клубларида ўйнаб келмоқда.
Яқинда футболчи Prosport.kz сайти меҳмони бўлди ва сайт учун берган интервьюсида ўзбек футболи ва Равшан Эрматов ҳақида тўхталиб ўтди. Интервьюнинг ана шу жойларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Ўзим ўйнаган чемпионатлар савиясини таққослаш осон. Ҳозирги кунда Ўзбекистон чемпионати бизнинг Премьер-лигага нисбатан анча кучлидек тасаввур уйғотмоқда. Шунга қарамай, Қозоғистон футболи ўзбек футболидан ўзининг хусусияти билан кескин фарқ қилади. Қозоғистон чемпионати ўйинлари тўп учун кескин курашлар остида ўтади. Тўғри қарор қабул қилиш учун кам вақт ажратилади. Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида биздан юқорида бўлса-да, қўшниларимиз Осиёда, биз эса Европада ўйнамоқдамиз. Терма жамоалар савияси ҳам турлича. Европада тактик усуллар, жисмония тайёргарлик ва фармакологияга катта эътибор қаратилади. Қозоғистонга ишлашга келаётган хорижий мутахассислар ҳам ўзларининг янги қарашлари билан футболнинг ривожига ҳисса қўшишмоқда. Бизда ҳам футболчиларни жисмоний тайёрлашда янгича ёндашишмоқда. Қозоғистон футболи ривожланаётганини тан олиш керак. УЕФАга ўтиш мамлакат футболига улкан фойда келтирди.
— Ўзбекистонда футболчилар кўп марта коррупция билан дуч келишганини яширишмайди. Украинада бу борада қандай эди?
— Ҳакамлар мавзуси бутун дунёда муҳокама қилинади. Одатда мағлубиятга учраган жамоа асосий айбни ҳакамга ағдаришга ҳаракат қилади. Лекин ҳозир аввалгидек "ўлдириш"лар йўқ. Ҳозир ҳакамлар билан яхши иш олиб борилмоқда ва улар анча малакали бўлиб қолишди. Агар ўзбек футболида қайсидир жамоани очиқчасига "қулоғи"дан тортиб, бошқа жамоани "ўлдиришлар" бўлганида, биз Равшан Эрматов ҳақида эшитмаган бўлардик. Уни ҳозир бутун дунё танийди. Кўпгина мутахассислар у ҳақида илиқ фикрларни айтишмоқда. Иш шу даражага етиб бордики, доимий ҳакамлик қилиш учун Европа чемпионатларидан бирига кўчиб ўтишни сўрашди.
— Сиз Ўзбекистон ва Қозоғистон чемпиони бўлгансиз. Қайси чемпионлик қадрлироқ?
— Ҳар бир чемпионлик — мақсадга эришиш. Мақсадга эришиш эса ўз амбициясини намоён қилиш демакдир. Ҳар бир чемпионлик ўз ҳолича қадрли.