"Арсенал" сентябрь ойидаги халқаро танаффусларга АПЛ пешқадами сифатида чиқиб кетадиган бўлди. Улар мавсум бошиданоқ "Манчестер Сити"га рақобатчи сифатида эътироф этилаётган эди. Ҳозир ҳам бу ростга ўхшаб туюлмоқда. Қуйида шимолий лондонликарнинг тўртта футболчиси ҳақида гап боради. Айнан улар сабаб "Арсенал" чемпионликка даъво қилиши мумкин.
1. Вильям Салиба
"Арсенал" ўз футболчисини ортга қайтариб, янги харидни амалга оширгандек бўлди. Салиба уч йиллик ижарадан кейин яна Лондонга қайтди. У асосий таркибда сифатли ўйин тақдим эта олди. Франция терма жамоаси аъзоси "Брентфорд"га қарши баҳсда гол уришга эришди. Бундан олдин, августь ойида ҳам у "Борнмут" дарвозасини ишғол этганди. 21 ёшли марказий ҳимоячи рақиб ҳужумчилари учун ҳақиқий муаммо келтирмоқда. Бу эса "Арсенал"га жорий мавсумдаги чемпионликка даъвогарлик мақомини бериши мумкин.
2.Габриэл Жезус
"Арсенал"нинг ўтган мавсумдаги ЕЧЛга чиқа олмагани, жамоада марказий ҳужумчи етишмаслиги билан изоҳланади. Ҳа, Александр Ляказетт бўлган. Аммо у бутун бошли мавсум давомида атиги 4 та гол ура олди, холос. Эдди Нкетиа бўлса, ҳали асосий таркиб футболчисига айланишга тайёр эмасди. Шу сабабдан ёзда Жезус жамоага олиб келинди. У ҳам худди Салиба сингари "Арсенал"нинг даражаси ошишига сабабчи бўлди. Бразилиялик футболчи бу мавсумда аллақачон 4 та гол урди ва бу борада ўтган йилги Ляказеттнинг натижасига тенглашиб олди. 25 ёшли ҳужумчи "Манчестер Сити"да порлаганди. Аммо у ҳозир "Арсенал"да асосий таркиб вакили. Унинг голларни ҳар қандай услубда кирита олиши, Артета жамоаси учун катта фойда келтиради. Бунинг исботини кечаги "Брентфорд" билан ўйинда кўрдик. Шу сабабдан Жезусни чемпионлик пойгасидаги муҳим қурол дея атай оламиз.
3. Гранит Жака
Гранит Жака бир пайтлар жамоа мухлислари томонидан масхара қилинган эди. У ҳатто 2021 йилнинг ёзида "Рома"га йўл олиши ҳам айтилган. Аммо бу трансфер амалга ошмади. Шундан буён Жака "Арсенал" юрагига айланди. Унинг ўйинга баланс тақдим этиши, Артета учун жуда ҳам муҳим омилдир. Ҳозирда ярим ҳимоячи мухлисларнинг ёқимтойига айланиб бормоқда. 29 ёшли футболчи "Брентфорд" билан баҳсда ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинлардан бирини ўтказди. Жамоанинг ярим ҳимояси кўп марта танқидларга учраган. Аммо Артета Жакадан тўғри фойдаланиш орқали бу камчиликларни бартараф этди. Жака – жамоа учун муҳим фигура.
4.Букайо Сака
Ҳар бир АПЛ клубида мухлислар томонидан яхши кўриладиган ёш талантлар мавжуд. Букайо Сака эса "Арсенал"даги ўша футболчидир. 21 ёшли ҳужумчи бу мавсумда кўп голлар урмаяпти. Бироқ, жамоанинг умумий ўйин даражаси ва савияси айнан Сака билан белгиланмоқда. Сака "Брентфорд"га қарши икки аниқ узатмани ижро этди. Бу эса жамоага ғалаба келтирган. Англия терма жамоаси аъзоси ўтган мавсумда 12 та гол ва 7 та ассистни амалга оширган. Шубҳасизки, унинг муҳимлиги бу мавсум ҳам олдингидан кам эмас. Айниқса, АПЛ тожи учун курашда Сакасиз иш битмайди.
ИСМАТОВ Ж.