Испанлар финалда италияликлар устидан 4-0 ҳисобдаги ишончли ғалабага эришди. Бугун Европа нашрларининг бош саҳифалари ўша оламшумул ўйинга ажратилди.
Испаниянинг "Марка" газетаси ғалаба ҳақидаги мақолани "Тарихнинг энг яхшиси" сарлавҳаси билан берди. "El Mundo Deportivo" ва AS газеталари "Учинчи бор чемпион" деган шаклда шарҳлашди.
Италиянинг энг нуфузли нашрларидан бири "Corriere dello Sport" "Италия: орзунинг якуни" деган сарлавҳа остида ўйин ҳақида тўхталган бўлса, "La Gazzetta dello Sport" терманинг мағлубиятини "Аччиқ кўз ёшлар" деб шарҳлади.
Энг қизиқ таърифлардан бирини Франциянинг L'Equipe газетаси ишлатди: "Тарих испанча ёзилади". Германиянинг "Bild" газетаси "Табриклаймиз Испания! Дунёнинг энг кучлисисан!" деган сарлавҳали мақолада испанларнинг чемпионликка лойиқ эканлигига урғу беришди.
Англиянинг "Daily Mail" газетаси "Энг кучлилар улар" деб сарлавҳа берган бўлса, Guardian "Испания ҳукумронлиги давом этади, итальянлар қаттиқ яраланишди" деб шарҳалади. The Sun газетаси "Энг кучлилар улар, норозилар борми?" деган сарлавҳа остида улар кучли эканлигини яна бир бор исботлашганини изоҳлашди. Португалия матбуоти ҳам француз матбуоти шаклида таърифлар ишлатди. A Bola газетаси кетма-кет уч марта зафар қучган испанларни қутлади. New York Times нашри эса "Ҳануз чемпион" сарлавҳали катта мақола чоп этди. Бразилиянинг "Globoesporte" нашри "Барселона"нинг ўйин услуби итальянларни мағлубиятга учратди, улар Европани забт этишди" деб ёзди. Аргентинанинг "Clarin" газетаси "Буқалар Итальяни эзди" деб таърифлади.














